Билим ва тарбияга бағишланган умр
Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Жамоат хавфсизлиги университетида 1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан тантанали тадбир ўтказилди.
Унда Миллий гвардия қўмондонлиги, ҳарбий хизматчилар, профессор-ўқитувчилар, мураббийлар, фахрийлар ҳамда байрам муносабати билан тақдирланган ходимлар иштирок этди.
Тадбир аввалида сана муносабати билан Миллий гвардия қўмондони томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг ўқитувчи ва мураббийларга байрам табриги етказилди.
Шундан сўнг тантанали маросимнинг асосий қисми — ўз вазифасини сидқидилдан бажариб, хизматда ибрат кўрсатаётган ҳарбий хизматчилар ва ходимларни тақдирлаш маросимига навбат берилди.

Жумладан, «Намунали хизматлари учун», «Миллий гвардия фидойи ходими», «Самарали ҳамкорлик учун», «Маънавият аълочиси» кўкрак нишонлари ҳамда Фахрий ёрлиқлар билан жами 26 нафар ҳарбий хизматчи ва ходим тақдирланди.
Устоз меҳнати ҳар қандай мукофотдан улуғ, эътироф эса инсонга янада масъулият юклайди.
— Бугунги байрам биз, устозлар учун нафақат қувончли сана, балки зиммамиздаги масъулиятни яна бир бор ҳис қилиш кунидир. Ёшларга билим бериш билан бирга, уларни Ватанга садоқат, инсонпарварлик ва масъулият руҳида тарбиялашни ўзимиз учун шараф деб биламиз, — дейди Жамоат хавфсизлиги университети доценти Асрор Сатторов.

Тадбирда устоз ва мураббийларнинг ёш авлод тарбиясидаги ўрни, уларнинг кўп йиллик меҳнати ва касбига садоқати ҳақида ҳам сўз юритилди.
— Устознинг меҳнати доимо эътибор ва ҳурматга лойиқ. Шогирдларимизнинг ютуғини кўриш, уларнинг яхши инсон бўлиб камол топаётганидан қувониш — биз учун энг катта мукофот, — дейди 58-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Дилноза Қурбонова.
Тадбир давомида Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси ижро этилди. Тақдирланганлар ўз миннатдорлик ва эзгу тилакларини билдириб, касбий фаолиятида бундан буён ҳам сидқидилдан хизмат қилишларини таъкидлади.
Байрамнинг бадиий қисмида эса Миллий гвардия ашула ва рақс ансамбли хонандалари, университет курсантлари ҳамда Миллий гвардия ҳарбий мусиқа академик лицейи ўқувчилари томонидан куй-қўшиқлар ижро этилди. Самимий чиқишлар йиғилганларга кўтаринки кайфият бағишлади.
Нигора Раҳмонова,
ЎзА