“Беш ташаббус олимпиадаси” ғолиблари тақдирланди
Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти спорт саройида олий таълим муассасалари талаба қизлари ўртасида “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида волейбол бўйича мусобақанинг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи бўлиб ўтди.
Ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, уларнинг спортга бўлган қизиқишини ошириш ва жисмоний фаоллигини қўллаб-қувватлашга қаратилган мусобақа жуда қизғин курашларга бой бўлди.

Мусобақа давомида олий таълим муассасалари жамоалари ўзаро куч синашиб, майдонда чаққонлик, эпчиллик, жамоада ишлаш ва юқори спорт маҳоратини намойиш этди. Айниқса, иштирокчиларнинг ҳар бир очко учун муросасиз кураши, ғалабага бўлган интилиши ва жамоавий ҳамжиҳатлиги мусобақага кўтаринки руҳ бағишлади.

Шундай қилиб, мусобақа якунида биринчи ўрин Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти, иккинчи ўрин Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети, учинчи ўрин Нукус давлат техника университети жамоаларига насиб этди.
Ғолиб ва совриндорлар Қорақалпоғистон Республикаси Спорт вазирлиги томонидан тақдирланди.
Ғолиб жамоа мусобақанинг республика финал босқичига йўлланма олди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири