Берлин Россияни Кавказ давлатлари танловига аралашмасликка чақирди (+видео)
Германия ташқи ишлар вазири Йоханн Вадефуль илк бор Боку ва Ереванга ташриф буюрди. У Россиянинг Жанубий Кавказдаги таъсирини танқид қилиб, Москвани минтақа давлатларининг Европа Иттифоқи билан яқинлашишига халақит бермасликка чақирди. Бу ҳақда DW хабар берди.
– Россия ҳукумати Жанубий Кавказ давлатларининг Европа билан яқинлашишига тўсқинлик қилмаслиги керак, – деган у 17 ноябрь куни Боку ва Ереванга илк расмий сафари олдидан. – Зеро, ҳозир минтақа мамлакатлари кўп йиллик уруш ва зўравонлик даврини ортда қолдириш учун тарихий имкониятга эга. РФ ҳудуддаги таъсирини маҳаллий аҳоли келажаги ҳисобидан сақлаб қолишга уринаётганини кўряпмиз. Бинобарин, қўшни давлатларнинг Европа билан яқинлашиши масаласи Москвада ҳал қилинмаслиги керак. Шунинг учун Арманистон ва Озарбайжон ўз келажагини мустақил равишда белгилаши муҳим. Энди уларнинг овозига қулоқ тутиш ва манфаатларини ҳисобга олиш вақти келди.
ГФР ташқи ишлар вазири Россия ва Украина уруши ҳамда Москва томонидан тобора очиқроқ билдирилаётган таҳдидларга ҳам эътибор қаратди.
Жанубий Кавказга Озарбайжон, Арманистон ва Грузия киради.
Вадефуль таъкидлашича, бугун минтақа муҳим бурилиш даврини бошдан кечирмоқда. Минтақада ўнлаб йил давом этган уруш, зўравонлик ва аҳолининг ўз уй-жойини ташлаб кетиши билан боғлиқ муаммоларга бутунлай барҳам бериш учун тарихий имконият пайдо бўлган.
У Арманистон Бош вазири Никол Пашинян ва Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг тинчлик йўлида кўрсатган жасорати ва масъулиятини алоҳида эътироф этди. Қолаверса, 2025 йил икки давлат раҳбари тинчлик келишуви дастлабки лойиҳасини маъқуллаганини эслатди.
– Энг муҳими – бошланган жараённи ишонч билан давом эттириш, – деди у.
Вазир таъкидлашича, Германия бу жараёнда Арманистон ва Озарбайжон учун ишончли ҳамкор ва дўст бўлишга тайёр. Жанубий Кавказда тинчлик ўрнатилиши ва чегаралар очилиши нафақат минтақа аҳолиси, балки бутун Европа учун ҳам фойдали.
Кенжа Бекжонов, Анвархўжа Аҳмедов (видео), ЎзА