АҚШ илк бор янги ядро бомбаси яратилишини ошкор қилди
АҚШ Сенати Маблағ ажратиш қўмитаси ҳужжатида ўнлаб йил ичида биринчи марта B94 янги ядровий ҳаво бомбаси ҳақида эслатиб ўтилди, деб ёзган “The War Zone”.
Бу маълумот АҚШ 2027 молиявий йили учун бюджет таклифи лойиҳасида мавжуд.
Ҳужжатга кўра, ушбу дастур учун тахминан 77,1 миллион доллар сўралган, бироқ янги қуролнинг техник хусусияти ва аслаҳани ишлаб чиқишдан кўзланган мақсад айтилмаган.
B94 белгиси мамлакатда ҳозир ишлаб чиқилаётган Ядровий тўхтатувчи тизим – ҳаво орқали етказиб бериладиган NDS-А дастурига тегишли экани тахмин қилиняпти.
Хабарларга кўра, мазкур ташаббус қотирилган ва чуқур кўмилган нишонларни йўқ қилиш учун мўлжалланган ядровий ҳаво бомбаси яратилиши билан боғлиқ.
АҚШда янги ном олган аввалги ядро ҳаво бомбаси B90 эди. Ушбу қуролни тайёрлаш жараёни 1991 йил сентябрда, Совуқ уруш бартараф қилинганда тўхтаган.
С. Раҳимов, ЎзА