Бухорода 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни кенг нишонланди.
Вилоятдаги ижтимоий ҳимояга муҳтож оила фарзандларидан 192 нафарининг суннат тўйи муносабати билан вилоят ҳокимлиги томонидан тантанали тадбир ўтказилди.
Унда вилоят, шаҳар ва туманлар ҳокимликлари, жамоат ташкилотлари вакиллари, секторлар раҳбарлари, маҳалла фаоллари, тўй болаларнинг ота-оналари ва яқинлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди. Тадбирда вилоят ҳокими Ботир Зарипов иштирок этди.
Таъкидланганидек, Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, жамиятда ўзаро меҳр-оқибат ҳамда ҳамжиҳатликни қарор топтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ушбу суннат тўйларининг ўтказилиши ҳам ана шунинг амалдаги ифодасидир.
Тадбирда суннат тўйини нишонланаётган болажонларга ташкилотчилар томонидан тўй сарполари ҳадя қилинди. Шунингдек, пул мукофотлари топширилди. Шу куни вилоятдаги давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари “Оилавий меҳрибонлик уйи” тарбияланувчилари, васийликка олинган ижтимоий аҳволи оғир бўлган чин етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлганлар ҳамда шаҳардаги 7 ёшгача ногиронлиги бўлган болалар ҳолидан хабар олди.
Бухоро “Мурувват” ногиронлиги бўлган болалар учун интернат ҳамда вилоят Болалар уйида яшовчилар учун ҳам байрам тадбирлар ташкил этилди. Мурғак қалб эгаларига байрам совғалари берилди. Бу болаларга бир олам қувонч ва шодлик улашди. Шаҳар ва туманларнинг истироҳат боғларида, дам олиш масканларида болалар учун байрам концерт дастурлари ўтказилди.
[gallery-7391]
Зариф Комилов,
Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА