Хитойнинг йирик инвесторлари Жиззах вилояти Бахмал туманига навбатдаги ташрифни амалга ошириб, ҳудуднинг иқтисодий салоҳияти ва янги ҳамкорлик имкониятлари юзасидан музокаралар ўтказди. Қайд этиш жоизки, бу ташриф Бахмал туманига Хитой сармоясининг илк кириб келиши эмас, балки аввал бошланган ҳамкорликнинг мантиқий давоми ҳисобланади.
Бахмал тумани ҳокими Азиз Эргашев билан бўлиб ўтган учрашувда Хитой Халқ Республикасининг “China National Technical Import-Export Corporation” (CNTIC) компанияси вакиллари туманнинг иқтисодий салоҳияти, хусусан, қишлоқ хўжалиги ва туризм соҳаларидаги имкониятлар билан танишди. Мулоқот давомида томонлар “Узунбулоқ” массивида 1000 гектар ер майдонида замонавий узумчилик кластерини ташкил этиш ташаббуси атрофида атрофлича фикр алмашдилар.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, CNTIC 1952 йилда ташкил этилган бўлиб, Хитойнинг йирик давлат компанияларидан бири саналади. Компания технологиялар ва ускуналарни импорт-экспорт қилиш, йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш билан бир қаторда, қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳам катта тажрибага эга. Жумладан, агросаноат кластерлари, қайта ишлаш корхоналари, интенсив боғ ва узумчилик лойиҳалари, замонавий иссиқхоналарни барпо этиш йўналишларида халқаро миқёсда муваффақиятли лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда. Бугунги кунга қадар компания дунёнинг 100 дан ортиқ мамлакатида 7,5 мингдан зиёд лойиҳани рўёбга чиқарган.

Учрашувда Бахмал туманининг бой табиий ва туристик салоҳиятига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Томонлар узумчилик кластерини барпо этиш лойиҳасини қисқа муддатларда амалга ошириш ва унга тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш бўйича ўзаро келишувга эришдилар. Таъкидланганидек, ушбу лойиҳа ҳудудда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш ва иқтисодий фаолликни оширишга хизмат қилади. Хитойлик инвесторлар дўстона қабул учун миннатдорчилик билдириб, Бахмал тумани билан ҳамкорликни янада кенгайтиришдан манфаатдор эканини айтишди.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири