Банк хизматлари сифатини ошириш йўлида муҳим қадам
Банкларда хизмат кўрсатиш сифатини юксалтириш бугунги кунда долзарб вазифалардан бири ҳисобланади. “Ўзмиллийбанк” акциядорлик жамияти томонидан мазкур масалага устувор аҳамият қаратиб келинмоқда.
Пойтахтимизда ушбу мавзуга бағишланган семинар-тренинг ташкил этилди. Унда “Ўзмиллийбанк” акциядорлик жамиятининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги ҳудудий бўлинмалари вакиллари иштирок этди.
Семинарнинг асосий мақсади банк маҳсулотларини замонавий савдо технологиялари асосида самарали сотиш, мижозлар билан профессионал мулоқот қилиш ҳамда юқори сифатли хизмат кўрсатиш кўникмаларини ривожлантиришдан иборат бўлди.
Ўқув машғулотлари қизиқарли ва жонли мулоқотлар, бизнес ҳамда иқтисодий салоҳиятга оид видеолавҳалар, ҳаётий вазиятлар таҳлиллари билан бойитилгани иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.
“Самарали сотув ва сервис стандартлари” мавзусидаги семинарда банк соҳаси учун бугунги кунда долзарб бўлган “Сервисда мулоқот стандартлари”, “Сотув психологияси”, “Эътирозлар билан ишлаш”, “Сотув техникалари” каби мавзулар илмий ёндашув асосида, ҳаётий мисоллар билан батафсил муҳокама қилинди.
Машғулотлар давомида мижозларга хизмат кўрсатиш стандартлари, банкнинг корпоратив имижи, банк ходимининг мазкур имижни шакллантиришдаги ўрни, сифатли хизмат кўрсатиш тушунчаси атрофлича кўриб чиқилди.
Амалий машғулотларда “Банкдаги мижоз йўли” йўналиши муҳокама қилиниб, иштирокчилар кичик гуруҳларда иш олиб борди.
Шунингдек, “Банкдаги савдо психологияси”, “Мижозлар типологияси”, “Қарор қабул қилиш психологияси”, “Ишонтириш тамойиллари”, “Фойда тилида мулоқот қилиш”, “Эътирозлар билан ишлаш” мавзулари бўйича машғулотлар катта қизиқиш билан ўтди. Ролли ўйинлар ва кейсларни таҳлил қилишга алоҳида эътибор қаратилди.
Банк маҳсулотларини сотишнинг самарали техникаларига бағишланган машғулотларда SPIN техникаси, яъни вазият, муаммо, унинг оқибатлари, ечим ва фойдани аниқлашга қаратилган саволлар батафсил таҳлил этилди. Шунингдек, Up-sell — мижозга танланган маҳсулотнинг қимматроқ ёки такомиллаштирилган версиясини таклиф қилиш, Cross-sell эса асосий маҳсулотга қўшимча ёки унга мос бошқа маҳсулотларни таклиф этиш усуллари муҳокама қилинди. Банк маҳсулотини сотиш алгоритми ва битимни муваффақиятли якунлаш техникалари бўйича маърузалар ўқилди. Амалий машғулотларда маҳсулот карталари билан ишлаш, савдо симуляциялари ҳамда “Энг яхши битим” танлови ташкил этилди.
[gallery-30487]
— Бугунги кунда банк хизматлари сифатини янада такомиллаштириш муҳим аҳамият касб этади, — деди семинар бизнес-тренери Исломбек Иброҳимов. — Бу кўп жиҳатдан банк тизими масъуллари ва ёш менежерларнинг малакасига боғлиқ. Семинар давомида банк маҳсулотларини сотишга оид энг долзарб масалалар атрофлича муҳокама қилинди.
— Семинар биз учун жуда фойдали бўлди, — деди “Ўзмиллийбанк” акциядорлик жамияти Тошкент шаҳар ҳудудий дирекцияси директори Фаррухжон Темиров. — Ташқи бизнес-тренерлар тақдим этган назарий билимларни банк мутахассислари ўз тажрибаси билан таққослаш имконига эга бўлди. Олинган билимларни амалиётга татбиқ этиш, ҳудудларга бириктирилган топ-менежерларнинг ўзаро фикр ва тажриба алмашиши учун семинар муҳим майдон бўлди.
— Ушбу семинарда “Ўзмиллийбанк”нинг ҳудудий бўлинмалари вакиллари иштирок этмоқда. Улар банк маҳсулотлари савдоси самарадорлиги учун масъул ҳисобланади, — деди “Ўзмиллийбанк” акциядорлик жамияти Сирдарё вилояти ҳудудий дирекцияси директори Шаҳзод Йўлдошев. — Банк маҳсулоти — бу шунчаки фоиз ёки ҳужжат эмас, балки мижознинг келажакка бўлган ишончи. Бу ишончни қозониш банк ходимларидан юксак билим, маҳорат, масъулият ва чуқур тафаккур талаб қилади. Шу маънода мазкур семинар соҳа вакиллари учун жуда фойдали бўлди.
Семинар якунида иштирокчиларнинг фикр-мулоҳазалари, таклиф ва тавсиялари тингланди. Тадбир сўнгида қатнашчиларга махсус сертификатлар топширилди
Назокат Усмонова,
Аслиддин Алижонов (сурат), ЎзА мухбирлари