Пойтахтимизда “Banks&Business Expo-2024” халқаро кўргазмаси ўз ишини бошлади.
Ўзбекистон банклари Ассоциацияси ҳамда “GLOBALEXPO” кўргазмалар компанияси билан ҳамкорликда ташкил этилган кўргазмада Ўзбекистонда фаолият юритаётган тижорат банклари ҳамда жаҳон молия ташкилотлари, шунингдек, Марказий Осиё, Европа ва Осиё минтақасидаги компания ва корхоналар, хорижий банкларнинг инновациялари ҳамда ютуқлари намойиш этилмоқда.

Жаҳон молиявий бозоридаги тенденцияларни инобатга олган ҳолда миллий банк тизимини ислоҳ қилиш, банклар томонидан халқаро стандартлар даражасида мижозларга хизматларни йўлга қўйиш давр талабидир. Бу борада мамлакат миллий иқтисодиётини барқарор ва мутаносиб ривожланиши ҳамда иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини ошириш йўлида ва молиявий хизматлар бозорида асосий таянч бўлган тижорат банкларининг иштироки йилдан йилга такомиллашиб бормоқда.
Барча турдаги тижорат банкларининг иқтисодиёт тармоқларини молиялаштириш, кредит маблағларини тақдим этиш, аҳолини истеъмол кредитлари билан таъминлашдаги ҳиссаси ортмоқда.

Шунингдек, мамлакатимизда банк тизимида сунъий интеллектдан фойдаланишни кенгайтиришга катта эътибор қаратилмоқда. Президентимизнинг 2021 йил 17 февралдаги “Сунъий интеллект технологияларини жадал жорий этиш учун шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида бу борада дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқиш ва жорий қилиш учун ҳар томонлама шароитлар яратилди. Фаол рақамли трансформация жараёнлари кечаётган банк тизимида сунъий интеллектни ўзлаштириш ишлари бошлаб юборилди.
Шу боис, анъанавий ўтказиладиган кўргазмада банк тизимида сунъий интеллект ва рақамли банк хизматларига алоҳида урғу қаратилган. Тижорат банклари ҳозирда аҳолига қулайлик яратиш мақсадида 24/7 режимида ишлайдиган банк хизматларини тақдим этмоқда. Бу эса уйдан чиқмаган ҳолда банк хизматларидан фойдаланиш имкониятини беради.
Кўргазма доирасида “biznes network” шаклида учрашувлар ташкил этилиб, мутахассислар банк-молия тизимига оид мавзуларда ўзаро фикр алмашмоқда.
“Banks&Business Expo-2024” халқаро кўргазмаси 17 октябрга қадар давом этади.
Ш.Маматуропова, ЎзА