Бизнесни ривожлантириш банки: сунъий интеллект – рақамли трансформациянинг янги саҳифаси
«Бизнесни ривожлантириш банки» АТБ томонидан «Рақамли трансформациянинг янги саҳифаси – сунъий интеллектни жорий қилиш» мавзусида брифинг ўтказилди.

Унда банкнинг Маълумотларни бошқариш бўйича бош директори (Chief Data Officer) – Ахборот технологиялари департаменти директори Зиёвуддин Орифхўжаев амалга оширилган кенг кўламли рақамли трансформация ва бу жараёнга сунъий интеллектни жорий қилиш ҳақида батафсил маълумот берди.
«Бизнесни ривожлантириш банки» мижозларга тезкор, қулай ва замонавий хизмат кўрсатиш, хизмат жараёнларини тўлиқ автоматлаштириш мақсадида ички ресурслари ҳисобидан сунъий интеллектга асосланган 20 дан ортиқ лойиҳани ишлаб чиқмоқда. Уларнинг 5 таси эса амалиётга муваффақиятли татбиқ этилди.
Қуйида ушбу инновацион лойиҳаларнинг моҳияти ва эришилган натижалар ҳақида сўз юритамиз.

Биринчи лойиҳа — «Бизнес-режаларни генерация қилиш бўйича AI ёрдамчи».
Маълумки, юридик шахсларни кредитлаш жараёнида пухта ишлаб чиқилган бизнес-режа талаб этилади. Эндиликда бу мураккаб ва кўп вақт оладиган вазифа сунъий интеллект зиммасига юкланди. Тадбиркор ўз лойиҳаси ва молиявий кўрсаткичлари юзасидан зарур маълумотларни тизимга киритиши кифоя — қолган барча ишни ақлли тизимнинг ўзи бажаради.
«Бизнес-режаларни генерация қилиш бўйича AI ёрдамчи» ишга туширилганидан буён ижобий натижаларга эришилди. Хусусан:
— илгари 2–3 кун давом этган бизнес-режа тайёрлаш жараёни энди атиги 5 дақиқани ташкил этади;
— бугунги кунга қадар 30 нафар юридик шахсга 2,4 миллиард сўмлик кредит маблағлари ажратилди;
— кредитлашнинг дастлабки текшириш босқичига сарфланадиган вақт 70 фоизга тежалмоқда;
— энг муҳими — тадбиркорларимиз махсус молиявий саводхонликка эга бўлмаган тақдирда ҳам ушбу хизматдан мутлақо бепул фойдаланиш имкониятига эга бўлди.
Ушбу лойиҳа 2025 йил 21 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида «Ҳудуд ва тармоқларда сунъий интеллект технологияларини ривожлантириш»га бағишланган йиғилишда тақдим этилди ва юксак баҳога сазовор бўлди.
Йиғилиш якунлари бўйича лойиҳани нафақат бизнинг банкимизда, балки пойтахтимиздаги барча тижорат банкларида бир йил давомида синов тариқасида жорий этиш вазифаси белгиланди.
Айни вақтда бу йўналишда Рақамли технологиялар вазирлиги ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан ҳамкорликда тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Иккинчи лойиҳа — «Аватарли виртуал ёрдамчи».
Мижозларга замонавий ва инновацион хизмат кўрсатиш сифатини янги поғонага кўтариш мақсадида банк офисларимизда аватарли виртуал ёрдамчи иш бошлади. Овозни матнга, матнни эса овозга айлантирувчи замонавий технология асосида ишловчи бу ёрдамчи мижозлар билан худди инсон каби жонли мулоқот юритади, саволларга реал вақт режимида жавоб беради, банк хизматлари ҳақида батафсил маълумот тақдим этади ва ҳатто тўловларни амалга ошириш имкониятини яратади.
Айни пайтда тизим кредит қарздорликларини сўндириш ҳамда реквизитлар бўйича тўловларни амалга ошириш каби янги имкониятлар билан такомиллаштирилмоқда. Шунингдек, виртуал ёрдамчини мамлакатимизнинг барча ҳудудларидаги банкомат шаҳобчаларида кечаю кундуз хизмат кўрсатишга йўналтириш юзасидан изчил ишлар олиб борилмоқда.
Банк имижига уйғун замонавий дизайндаги аватарли виртуал ёрдамчи 2026 йил 1 июнь куни банкимизнинг Тошкент шаҳар Банк хизматлари офисида ишга туширилди ва қисқа муддат ичида 1,2 млн сўм миқдоридаги 45 та банк амалиёти муваффақиятли синовдан ўтказилди.

Учинчи лойиҳа — «BRB-GPT» сунъий интеллект чатботи.
Банк маҳсулотлари бўйича мижозларга кечаю кундуз, тўхтовсиз равишда автоматик маълумот берувчи «BRB-GPT» чатботи ишлаб чиқилди ва тўлиқ ишга туширилди. Ушбу ақлли ёрдамчи юридик ва жисмоний шахсларга банк таклиф этаётган барча маҳсулот ва хизматлар — кредитлар, омонатлар, касса тўловлари, валюта курслари ҳамда банк офислари манзиллари бўйича малакали маслаҳат беради.
Чатботнинг ўзига хос жиҳати шундаки, у суҳбатнинг аввалги қисмини эслаб қолади, контекстдан келиб чиққан ҳолда жавоб беради, савол ноаниқ берилган тақдирда эса аниқлаштирувчи савол бериб, инсон каби мулоқот қилади.
Бу тизим бир қатор долзарб муаммоларнинг ечимини топди. Жумладан:
— алоқа марказига тушадиган кўп сонли такрорий стандарт мурожаатларга энди чатбот мустақил жавоб бериб, бу юкни сезиларли даражада енгиллаштирмоқда;
— илгари мижозлар иш вақтидан ташқари тезкор ва ишончли маълумот олиш имкониятига эга бўлмаган бўлса, энди чатбот веб-сайт, «Telegram» ва мобил илова орқали доимий равишда ишлаб келмоқда;
— маълумотлар турли манбаларда жойлашган бўлиб, мижозлар учун ягона ахборот нуқтаси мавжуд эмас эди. Энди барча маҳсулот ва хизматлар бўйича ягона, марказлаштирилган ва ишончли ахборот манбаи шакллантирилди;
— чатбот ўзбек, рус ҳамда инглиз тилларида ҳам матнли, ҳам овозли мурожаатларни бемалол қабул қилади.
Натижада, бугунги кунга қадар чатбот орқали 20 427 нафар фойдаланувчининг 91 698 та саволига муваффақиятли жавоб берилди.

Бундан ташқари, банкда бир қатор бошқа сунъий интеллект лойиҳалари ҳам босқичма-босқич амалиётга жорий этилмоқда.
Жумладан, RPA (Robotic Process Automation) технологиялари асосида бир қатор ички бизнес жараёнлари автоматлаштирилмоқда. Бу орқали такрорланувчи операциялар роботлар томонидан бажарилиб, инсон омили таъсири камайтирилмоқда, хизмат кўрсатиш тезлиги ва иш самарадорлиги эса сезиларли даражада оширилмоқда.
Шунингдек, TTS-STT технологияси асосида овозли хизматлар йўлга қўйилмоқда. Ушбу ечим мижозларнинг овозли мурожаатларини матнга айлантириш, тизим жавобларини эса табиий овозда тақдим этиш орқали банк хизматларидан янада қулай ва тезкор фойдаланиш имкониятини яратмоқда.
Яна бир муҳим йўналиш — «Видеоаналитика» лойиҳаси бўлиб, у банк офисларида мижозларга хизмат кўрсатиш жараёнларини сунъий интеллект ёрдамида таҳлил қилади. Мазкур тизим хизмат сифати, мижозлар оқими, навбатлар ҳамда хизмат кўрсатиш интизомини баҳолаш орқали ходимларни тўғри тақсимлаш ва хизмат кўрсатиш самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Хулоса қилиб айтганда, бугун тақдим этилаётган рақамлар ва инновацион лойиҳалар — шунчаки техник ҳисоботлар эмас. Бу — «Бизнесни ривожлантириш банки» АТБнинг келажак молия технологиялари сари ташлаган энг дадил ва стратегик қадамларидан бири ҳисобланади.
Банк қўл меҳнатини кескин камайтириб, жараёнларни роботлаштириш, тизимни сунъий интеллект элементлари билан бойитиш ва маълумотлар хавфсизлигини мутлақ назоратга олиш орқали янги даврга қадам қўймоқда. Мақсад — банкни ҳар қандай вазиятда тезкор, шаффоф, маълумотларга таяниб энг тўғри қарор қабул қиладиган ва регулятор талабларига мукаммал даражада жавоб берадиган рақамли молия институтига айлантиришдир.
Тўғри маълумот, тўғри вақтда етказилса, тўғри қарорга олиб келади — бу эса банк даромадининг ўсишини таъминлайдиган муҳим омил ҳисобланади.
Банк ахборот хизмати