Сўнгги йилларда халқимизнинг саломатлиги тўғрисида ғамхўрлик қилиш, маънавий ва жисмоний баркамол авлодни шакллантириш, спортни аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида кенг тарғиб қилишда бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилиб келинмоқда. Жумладан, UZCARD ва Ўзбекистон банклари ассоциацияси (ЎБА) томонидан банк тизимидаги ходимлар ўртасида соғлом турмуш тарзини ва банклар ўртасида дўстона муносабатларни ривожлантириш мақсадида Банк футбол лигаси ташкил этилди.
Ушбу футбол лигаси спорт билан ҳамнафас банк сектори ходимларини бирлаштирди.
Мусобақада “Ўзмиллийбанк” АЖ жамоаси ҳам фаол иштирок этмоқда. Банк терма жамоаси бош офис ва филиал ходимларидан ташкил топган бўлиб, қизиқарли кечган беллашувларда “Ўзмиллийбанк” АЖ шарафини ҳимоя қилмоқда.
Банк футбол лигаси кубоги мусобақаларида қатнашаётган банк ходимлари ўртасида чинакам жамоалар шакллантирилган.
Ушбу тадбир нафақат спортни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантиришга ҳисса қўшади, балки ходимларни жипслаштиришга, шунингдек, соҳадаги ҳамкасблар билан тажриба алмашишга ёрдам беради. Қизиқарли кечган дастлабки беллашувларда мамлакатимиз банклари шарафини ҳимоя қилган 27 та банк жамоаси 8 та гуруҳда куч синашди. Турнир 14 сентябрдан 19 октябрга қадар давом этади.
Нилуфар Бозорова, ЎзА