Баҳодир Жўраев: Энергетика соҳаси ҳар бир мутахассисдан юксак билим, масъулият ва фидойилик талаб этади (+видео)
Бугун “Иссиқлик электр станциялари” АЖ бошқаруви раиси Баҳодир Жўраев тизимда фаолият юритаётган ёшлар билан очиқ мулоқот ўтказди.
Унда қайд этилганидек, янги Ўзбекистонда ёшлар сиёсати давлат аҳамиятига эга бўлган энг устувор йўналишлардан бири сифатида белгиланган бўлиб, бу борада изчил ва мақсадли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Айни пайтда юртимиз аҳолисининг қарийб 60 фоизини, яъни 22 миллиондан ортиқ қисмини ёшлар ташкил этиши мазкур йўналишнинг нақадар муҳим эканини яққол намоён этади. Шу боис, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг билим ва салоҳиятини рўёбга чиқариш, жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш давлат сиёсатининг устувор вазифаларидан бири сифатида қаралади.
Ҳозирги кунда ушбу жамият тизимида 10 минг 397 нафар ишчи-хизматчи юртимиз аҳолисини узлуксиз ва ишончли электр энергияси билан таъминлаш йўлида фидокорона меҳнат қилмоқда. Улардан 8 минг 287 нафари эркак, 2 минг 110 нафари хотин-қиз бўлиб, 1 минг 527 нафарини, яъни 14 фоизини 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этади.
–Албатта, энергетика соҳаси машаққатли, бироқ айни пайтда ниҳоятда шарафли ва масъулиятли соҳа. Чунки ушбу тармоқ мамлакат иқтисодиёти барқарорлиги ва аҳоли фаровонлигини таъминлашда ҳал қилувчи ўрин тутади. Шу боис, ушбу соҳада фаолият юритаётган ҳар бир мутахассисдан юксак билим, масъулият ва фидойилик талаб этилади.
Шу нуқтаи назардан, тармоқда билимли, ташаббускор ва интилувчан ёшларнинг иштирокини янада кенгайтиришни устувор вазифа сифатида белгилаганмиз. Ёш кадрларнинг замонавий билим ва кўникмаларга эга бўлиши, инновацион ёндашувларни амалиётга татбиқ этиши соҳанинг келгуси тараққиётини белгилаб беради. Шунингдек, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, малакасини ошириш ва раҳбарлик салоҳиятини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Зеро, барқарор ишлаб чиқариш жараёни, аввало, юқори малакали ва ўз касбига садоқатли кадрларга таянади. Биз ана шундай кадрлар захирасини шакллантириш натижасида тармоқда узлуксизлик ва самарадорликни таъминлашни мақсад қилганмиз. Келгусида ҳам ёшларни қўллаб-қувватлаш, улар учун муносиб меҳнат шароитларини яратиш ва салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқаришга қаратилган ишлар изчил давом эттирилади, – деди бошқарув раиси.
Мулоқотда ёшларга берилаётган ишонч ва имкониятлар ҳақида ҳам айтиб ўтилди. Унга кўра, бугунги кунда тизимда 33 нафар ёш мутахассис раҳбар лавозимларида фаолият юритмоқда. Фақат ўтган йилнинг ўзида тизим корхоналарида фаолият юритаётган 3 минг 40 нафар ходим республикадаги турли ўқув марказларида малака оширди. Шунингдек, 112 нафар ходим станциялар ўртасида тажриба алмашиш мақсадида хизмат сафарларига юборилди.
Самимий ва конструктив руҳда ўтган учрашувда ёшлар ўз таклиф ва ташаббусларини илгари сурди. Кўтарилган ҳар бир масала атрофлича муҳокама қилиниб, уларнинг ечими бўйича тегишли масъулларга аниқ вазифа ва топшириқлар берилди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/4GZT8r73QRQ" title="Bahodir Jo‘rayev: Energetika sohasi har bir mutaxassisdan yuksak bilim, mas’uliyat talab etadi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Насиба Зиёдуллаева, Ёқуб Мелибоев (видео), ЎзА