“Аёллар спорт олимпиадаси”да Қорақалпоғистон жамоаси 1-ўринни эгаллади
Мамлакатимизда хотин-қизлар ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, фаол ҳаёт тарзига бўлган қизиқишни ошириш ҳамда уларнинг ижтимоий фаоллигини қўллаб-қувватлаш мақсадида пойтахтимиздаги “Олимпия шаҳарчаси”да “Янги Ўзбекистон аёллари спорт олимпиадаси” мусобақалари кўтаринки руҳда ўтказилди.
Республикамизнинг барча ҳудудларидан келган хотин-қизлар стол тенниси, шахмат, шашка ва енгил атлетика спорт турларида ғолиблик учун кураш олиб борди.
Мусобақалар олдидан ташкил этилган эрталабки бадантарбия машқлари ҳамда “Беш минг қадам” юриш марафони “Аёллар спорт олимпиадаси”га ўзгача шукуҳ бағишлади.

Соғлом турмуш тарзи, жисмоний фаоллик ва бирдамликни тарғиб этиш, саломатликни мустаҳкамлаш, гиёҳвандликка муросасиз муҳитни яратиш ҳамда фаол ҳаёт тарзини кенг тарғиб қилишга қаратилган “Аёллар спорт олимпиадаси”нинг ғолиб ва совриндорлари аниқланди.
Якуний натижаларга кўра, стол тенниси, шахмат, шашка ҳамда енгил атлетика бўйича ғолиб ҳамда совриндорлар аниқланиб, диплом, медаль ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
18 ёшдан 30 ёшгача ҳамда ундан юқори ёшдаги хотин-қизлар ўртасидаги мусобақалар якунига кўра, умумжамоа ҳисобида 1-ўринни Қорақалпоғистон Республикаси, 2-ўринни Навоий вилояти ҳамда 3-ўринни Тошкент шаҳри жамоалари қўлга киритди.
Совриндорларни тақдирлаш маросимида Бош вазир ўринбосари - Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайхо Маҳкамова, спорт вазири Адҳам Икромов, мактабгача ва мактаб таълими вазири Эъзозахон Каримова иштирок этди.
Т. Рўзиев,
ЎзА