Мамлакатимиз хотин-қизларининг фаоллиги ва ташаббускорлиги бугунги кунда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва инновацияларнинг муваффақиятли ижросида муҳим ўрин эгаллаб, жамият тараққиётининг асосий ривожлантирувчиларидан бирига айланиб бормоқда.
Шу боис, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, имкониятларини кенгайтириш ва муносиб шароитлар яратиш устувор йўналишлардан саналади.
Патент вакиллари ассоциацияси раиси Мадина Турсунова бу ҳақда фикр билдириб, қатор ечимларга эътибор қаратди:
– Бугунги кунча мамлакатимиз хотин-қизлари жамият ҳаётида фаоллиги ошиб бормоқда. Бу борада давлатимиз тоомнидан яратилаётган имкониятлар туфайли улар қатор ютуқларга ҳам эришиб улгурган.
Бироқ бу борада қийинчиликлар ҳам мавжуд. Масалан, мустақил бизнес, айниқса, аёллар раҳбарлик қилаётган стартаплар ва корхоналар катта қийинчиликларга дуч келади. Улар анъанавий компанияларга нисбатан молиявий ресурсларга эга бўлиш, инвесторларни жалб қилиш ва ривожланиш имкониятлари жиҳатидан кўпроқ чекланган. Бунда асосий муаммолардан бири – молиявий манбаларнинг етишмаслиги.
Шунингдек, кўп аёллар ўз ғояларини қандай ноқимматли актив сифатида баҳолаш, уни тижорат йўлида самарали қўллаш ва ҳимоя қилиш имкониятлари ҳақида етарли маълумотга эга эмас. Интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш жараёнлари Ўзбекистон каби ривожланаётган бозорларда анча мураккаб ва харажатли.
Аёл тадбиркор ўз ғоясини рўйхатдан ўтказиб, тегишли портфелга эга бўлса ҳам, бу уни ҳуқуқбузарликлардан тўлиқ ҳимоялай олмайди, чунки амалга ошириш кўп вақт ва маблағ талаб қилади.
Мен “ACWA Power” компанияси ташаббуси билан ташкил этилган “Рақамли энергетика даврида аёллар етакчилиги: ҳуқуқий, бизнес ва инсоний истиқболлар” мавзусидаги тадбирда иштирок этганимдан хурсандман. Негаки, бу мулоқот айнан шу масалалар ечимида муҳим аҳамият касб этади.
Энергетика тизимидаги инновациялар нафақат кўзга кўринадиган қурилиш ишлари, балки мавжуд технологиялар асосида ечимлар яратиш, катта сармоя ва молиявий маблағларни жалб қилиш демакдир.
Баъзан кўп яхши ғоялар амалда рўёбга чиқмай қолиши мумкин. Мутахассис сифатида мен стартап компанияларга маслаҳат бериш жараёнида ҳам бундай ҳолатларга дуч келганман. Шу боис, давлат сиёсати фақат молиявий ресурслар тақдим этиш билан чекланиб қолмасдан, аёлларни инновация ва бизнес фаолиятини самарали бошқаришга ўргатишни ҳам қамраб олиши зарур.
Лотин Америкаси, айниқса, Бразилияда кузатилган тажриба шуни кўрсатадики, смарт ҳисоблагичларни жорий қилиш жараёнида жамоа яратган технологиялар атрофида низолар юзага келган, аммо бу бир пайтнинг ўзида маҳаллий аёллар раҳбарлигидаги ечимларга сармояларни жалб қилиш имкониятини ҳам очган.
Шунинг учун турли минтақалар тажрибасини ўрганиб, ҳукумат бошқаруви ва сиёсат юритиш орқали қандай қилиб кўпроқ сармояларни жалб қилиш мумкинлиги ҳақида хулоса чиқариш ва аёллар салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиш йўлларини топиш галдаги муҳим вазифалардандир.
ЎзА мухбири Насиба Зиёдуллаева ёзиб олди.