Аёллар тадбиркор бўлишни истайди, уларга нима тўсқинлик қиляпти?
Ўзбекистонда 2025 йилда жами бандлар таркибида хотин-қизлар улуши 43,1 фоизни ташкил этиб, 2024 йилга нисбатан 0,4 фоиз ошган.
Оила ва гендер илмий-тадқиқот институти томонидан ўтказилган тадқиқот натижалари хотин-қизларнинг иқтисодий фаоллиги ва тадбиркорлик имкониятларига молиявий ресурслардан фойдаланиш, оилавий қўллаб-қувватлаш, молиявий саводхонлик, касбий билим ва кўникмалар, шунингдек, тренинг ва менторлик дастурларида иштирок этиш каби омиллар таъсир кўрсатишини аниқлади.
Сўровномада иштирок этган хотин-қизларнинг 51,7 фоизи ўз бизнесини очиш истагини билдирган. Бироқ бугун уларнинг атиги 7,7 фоизи тадбиркорлик билан шуғулланмоқда. Тадқиқот натижалари аёлларнинг иқтисодий имкониятларини рўёбга чиқаришда пулдан ташқари, оилавий муҳит, уй юмушлари, молиявий билим ва амалий кўмак ҳам муҳим ўрин тутишини кўрсатди.
Аёлнинг тадбиркорликка қўл уриши баъзан биргина ғоядан бошланади. Аммо бу ғояни ҳақиқий бизнесга айлантириш учун маблағ, билим, вақт ва энг муҳими, яқинларининг қўллаб-қувватлаши керак. Акс ҳолда, қанчадан-қанча режалар кундалик юмушлар орасида қолиб кетиши мумкин.
Мамлакатимизда хотин-қизларнинг иқтисодий фаоллигига таъсир кўрсатаётган омиллар ўрганилган тадқиқот натижалари ҳам буни тасдиқлайди. Оила ва гендер илмий-тадқиқот институти томонидан республика барча ҳудудларида 2 398 нафар хотин-қиз иштирокида ўтказилган сўров аёлларнинг тадбиркорлик салоҳияти, бандлиги ва даромадни мустақил бошқариш имкониятларига оид муҳим кўрсаткичларни очиб берди.
Тадқиқотга кўра, 2025 йилда жами банд аҳоли таркибида хотин-қизлар улуши 43,1 фоизни ташкил этган. Бу 2024 йилга нисбатан 0,4 фоиз пунктга кўп. Бироқ тадбиркорлик соҳасидаги кўрсаткичлар янада катта имкониятлар мавжудлигини кўрсатмоқда. Сўров иштирокчиларининг 7,7 фоизи ҳозирда ўз бизнесини юритмоқда, 51,7 фоизи эса келажакда тадбиркорликни бошлаш истагини билдирган. Демак, тадбиркорликка қизиқиш билдираётганлар улуши амалда бизнес юритаётганлар улушидан қарийб 6,7 баробар юқори. Бу рақамлар ўз-ўзидан барча истак билдирган аёллар тадбиркор бўла олади, дегани эмас. Аммо улар хотин-қизларнинг иқтисодий салоҳиятини рўёбга чиқариш учун кенг имкониятлар борлигини кўрсатади.
Эндиликда асосий масала — бу истакни амалий ҳаракатга айлантиришга нима халақит бераётганини аниқлаш ва мавжуд тўсиқларни бартараф этиш. Тадқиқот натижаларига кўра, турмуш ўртоғининг қўллаб-қувватлаши аёлнинг иқтисодий фаол бўлиш эҳтимолини 2,64 баробар оширган. Умумий оилавий кўмак эса бандлик имконияти билан ижобий боғлиқ бўлган. Аксинча, оила аъзоларининг ишлашга қаршилиги аёлнинг ишга жойлашиш эҳтимолини 66,3 фоизга камайтирган. Бу рақамлар бир ҳақиқатни кўрсатади: хотин-қизларнинг иқтисодий мустақиллиги фақат уларнинг шахсий интилишига боғлиқ эмас. Оиладаги муносабатлар, масъулиятларнинг тақсимланиши ва аёлнинг меҳнат қилишига бўлган муносабат ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Айниқса, уй юмушларининг кўплиги бандликка жиддий тўсиқ бўлиши мумкин. Ҳафтасига 6–12 соат қўшимча уй меҳнати бандлик эҳтимолини 54,1 фоизга, 12 соатдан ортиқ уй меҳнати эса 75,4 фоизга камайтирган. Ҳар бир қўшимча уй меҳнати соати тўлиқ бандлик эҳтимолининг ўртача 6,4 фоизга пасайиши билан боғлиқ бўлган. Бошқача айтганда, аёлнинг ишлаши ёки бизнес бошлаши учун фақат иш ўрни ёки кредит таклиф қилишнинг ўзи етарли эмас. Унинг вақтини тежаш, уйдаги масъулиятларни адолатли тақсимлаш ва меҳнат қилиши учун шароит яратиш ҳам муҳим.
Кредит керак, аммо уни қандай бошқариш ҳам муҳим
Тадқиқотда молиявий ресурслардан фойдаланиш имконияти ҳам алоҳида ўрганилган. Кредитга эҳтиёж билдирган хотин-қизларнинг тадбиркорликни бошлаш эҳтимоли бошқа иштирокчиларга нисбатан 5,15 баробар юқори бўлган. Оилавий қўллаб-қувватлаш тадбиркорликка кириш имкониятининг 2,06 баробар ошиши билан боғлиқ бўлган. Шунингдек, шаҳарда яшаш тадбиркорлик истагининг юқорироқ бўлиши билан боғлиқ экани қайд этилган. Бироқ маблағ ажратишнинг ўзи бизнес муваффақиятини кафолатламайди. Уни тўғри сарфлаш, харажат ва даромадни ҳисоблаш, бозор талабини ўрганиш ҳамда молиявий хавфларни баҳолаш зарур.
Бу борада молиявий саводхонликнинг аҳамияти катта. Тадқиқотга кўра, молиявий саводхонлик индексидаги ҳар бир баллга ўсиш бизнесни давом эттириш эҳтимолининг 2,2 фоизга, фаолиятни кенгайтириш режасига эга бўлиш эҳтимолининг эса 2,5 фоизга ошиши билан боғлиқ бўлган. Индекснинг 10 баллга кўтарилиши бизнес барқарорлиги эҳтимолини 24,6 фоизга, фаолиятни кенгайтириш эҳтимолини 28,4 фоизга оширган. Шунинг учун хотин-қизларни тадбиркорликка жалб этишда молиявий ёрдамни амалий билим ва маслаҳатлар билан бирга олиб бориш муҳим.
Қишлоқ жойларда яшовчи хотин-қизларнинг ўз даромадини мустақил бошқариш эҳтимоли шаҳар аёлларига нисбатан 1,87 баробар юқори бўлган. Бандлик бу имкониятни 2,19 баробар, олий маълумот эса 1,43 баробар ошириши билан боғлиқ экани қайд этилган. Бу натижалар иқтисодий мустақилликни фақат иш билан таъминланиш орқали баҳолаш етарли эмаслигини кўрсатади. Аёлнинг ўз меҳнати билан даромад топиши, уни қандай сарфлашни мустақил ҳал қилиши ва молиявий қарорлар қабул қилиши ҳам муҳим.
Тадқиқот натижалари хотин-қизларнинг иқтисодий фаоллиги ва тадбиркорлигини ривожлантириш бир нечта омилни биргаликда ҳисобга олишни талаб қилишини кўрсатди. Оилавий қўллаб-қувватлаш, молиявий саводхонлик, касбий билим, амалий тренинглар ва ёрдам дастурлари ҳақидаги аниқ ахборот шулар жумласидан. 51,7 фоизлик тадбиркорлик истаги билан 7,7 фоизлик амалдаги бизнес кўрсаткичи ўртасидаги тафовут эса эътиборга молик. Бу фарқнинг ўзи барча тўсиқларнинг сабабини очиб бермайди, аммо мавжуд салоҳиятни рўёбга чиқариш учун янада самарали механизмлар зарурлигини кўрсатади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА