Бугунги кунда илм-фан ва инновациялар соҳасида аёлларнинг ўрни тобора мустаҳкамланиб бормоқда. Хусусан, Тошкентда 11 февраль — Халқаро илм-фандаги аёллар куни муносабати билан “SheSCIENCE 2026” Марказий Осиё олима аёллари халқаро форуми ўтказилди. Форум ЎзР ФА, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамда қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилиб, унда асосий эътибор минтақа мамлакатларидан етакчи аёл олималарни бирлаштириб, тажриба алмашиш ва ҳамкорликни кучайтиришга қаратилди.
Тадбир очилиш қисмида давлат ва халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этишди ва унда таълим тизимини ислоҳ қилиш, илм-фан ва инновацияларни ривожлантиришда аёлларнинг роли, шунингдек халқаро молиявий ва илмий ташкилотлар билан ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Сўзга чиққан расмийлар илм-фан соҳасида аёлларни қўллаб-қувватлаш стратегик аҳамиятга эга эканини таъкидладилар.
Сўнг илм-фан соҳасида фаолият юритаётган аёлларни рағбатлантириш, уларнинг меҳнатини эътироф этиш мақсадида “Аёл олим – 2025” миллий грант танлови ғолиблари тақдирланиб, қатор олималарга “Мўътабар аёл – 2025” кўкрак нишони топширилди.
Форумда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистондан 200 нафарга яқин олима аёллар иштирок этдилар. Муҳокамалар давомида аёлларнинг илм-фан ва инновация соҳасидаги иштироки, минтақавий ва глобал ҳамкорлик, барқарор ривожланиш, экология, тиббиёт, муҳандислик, рақамли технологиялар ва биотехнология каби долзарб йўналишлар қамраб олинди. Шу билан биргаликда, илмий ва инновацион экотизимларни интеграциялаш орқали минтақавий ривожланиш имкониятлари муҳокама қилинди.
Форум доирасида Жаҳон фанлар академияси (TWAS) ижрочи директори Марсело Кнобел маъруза қилиб, аёл олималарни қўллаб-қувватлаш масаласи фан тараққиёти билан бевосита боғлиқ эканини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, аёл олималарнинг етакчилиги глобал муаммоларга ечим топишда стратегик аҳамиятга эга.
Шунингдек, TWASнинг араб минтақаси бўйича вице-президенти Сабаҳ Алмўмин илм-фан соҳасида аёллар ролини оширишда илмий таҳлил ва аниқ маълумотларга таяниш муҳимлигини қайд этди. Унинг таъкидлашича, бундай ёндашувгина барқарор натижа бериши мумкин.
Таъкидлаш жоиз, мазкур форум Марказий Осиёда аёл олималарнинг илмий салоҳиятини бирлаштириш, уларнинг фаоллигини ошириш ва халқаро илмий ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Қолаверса, тадбир илм-фан ва инновациялар соҳасида гендер тенглигини таъминлаш йўлида ҳам амалий қадам бўлиб, минтақада барқарор ривожланишга қаратилган ташаббусларни бирлаштиради.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/QMZsM90vJh0" title="Ayol olimalar ilmiy taraqqiyot yo`llarini muhokama qildi " frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>М.Эшмирзаева, Д.Якубов, С.Обиджонов, ЎзА