Ахборот ҳамкорларимиз нигоҳида – Янги Ўзбекистон
Мазкур рукнда ЎзА нинг хорижий ҳамкорлари томонидан Янги Ўзбекистонга оид янгиликлар ва фикрлар тақдим этилади. Мамлакатимиздаги ижтимоий ислоҳотлар, халқаро ҳамкорлик, технологик дипломатия, маданий алоқалар ва инвестиция лойиҳалари ёритиб борилади.
Болгария телеграф агентлиги Тошкентдаги Ислом цивилизация марказида ўтказилган технологик дипломатия бўйича Осиё симпозиуми ҳақида хабар берди.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ва Технологик дипломатия глобал институти ҳамкорлигида ташкил этилган тадбир Технологик дипломатия бўйича Самарқанд декларацияси қабул қилинганининг бир йиллигига бағишланди. Мазкур декларация 2025 йил 1 ноябрь куни Самарқандда бўлиб ўтган ЮНЕСКО Бош конференцияси доирасида қабул қилинган эди.
Симпозиумда давлат органлари, халқаро ташкилотлар, академик доиралар, фуқаролик жамияти институти ва ёшлар ташкилотлари вакиллари иштирок этди. Давра суҳбатларида минтақавий ҳамкорликнинг устувор йўналишлари, технологик дипломатия воситаларидан самарали фойдаланиш ва келгуси ташаббуслар муҳокама қилинди.

Туркиянинг “Анадолу” ахборот агентлиги Туркия адолат ва тараққиёт партияси раиси ўринбосари, туркий давлатлар билан алоқалар учун масъул Куршод Зорлунинг ўзбек алифбоси ҳақидаги фикрларини эълон қилди.
Партия раис ўринбосари ўз баёнотида лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига киритилган ўзгаришлар Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиеёв томонидан 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни имзоланиб, кучга кирганидан мамнунлигини билдиради.
Янгиланган алифбо туркий олам доирасида умумий алифбони яратиш борасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга ёрдам беради.

Озарбайжоннинг “Азертаж” агентлиги Қарши шаҳридаги Осиё технологиялар университетида Ўзбекистон-Озарбайжон дўстлик маркази ташкил этилгани ҳақида хабар берди.
Марказ Озарбайжон Миллий фанлар академиясининг Низомий Ганжавий номидаги Адабиёт институти ташаббуси билан очилди. Очилиш маросимида университет раҳбарияти, икки мамлакат илмий ва таълим муассасалари вакиллари, олимлар ва ижодкорлар иштирок этди.
Мақолада қайд этилишича, марказ Ўзбекистон ва Озарбайжон халқларининг муштарак илдизлари ва миллий қадриятларини тарғиб қилишга ҳамда икки мамлакат ёшлари ўртасида алоқаларни ривожлантиришга ёрдам беради.

Покистоннинг “Associated Press of Pakistan” агентлиги Самарқандда болалар фаровонлигига инвестиция мавзусидаги Бутунжаҳон саммитнинг бошлангани ҳақида хабар беради.
Қайд этилишича, саммитда болалар саломатлиги, таълими, овқатланиши ва ижтимоий ҳимоясига йўналтириладиган давлат маблағлар ҳажмини ошириш, шунингдек, болалар манфаатларини ҳисобга олувчи бюджетлаштириш ва барқарор молиялаштириш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.
Мақолада болаларни қашшоқлик, зўравонлик ва ижтимоий яккалашдан ҳимоя қилиш, ногиронлиги бўлган болаларнинг имкониятларини кенгайтириш ва рақамли муҳитда хавфсизлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилади.
Ораш Акабоев, ЎзА