Америкада Фарғона узумчилигига қизиқиш ортмоқда (+видео)
2025 йил Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида, хусусан, боғдорчиликда бир неча янги чўққиларни эгаллаш йили бўлган эди. Жумладан, Фарғонада, аниқроғи Олтиариқда етиштирилган узум маҳсулотлари илк бор Япония ва Америка бозорига кирди.
Талабчан харидор ва мутахассислар Ўзбекистон қуёшидан тафт олган узум хусусиятларини юқори баҳолади ва энди бу борада ҳамкорлик қилиш истагини билдирди. Шу мақсадда бир гуруҳ АҚШлик мутахассислар Фарғонага келди ва улар иштирокида вилоятда узумчиликни ривожлантириш, истиқболли данаксиз узум навларини жорий этиш ҳамда замонавий токзорлар барпо қилиш масалаларига бағишланган семинар бўлиб ўтди.
Тадбирда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров, АҚШнинг «Grapa Global» компанияси бош директори Рафи Карниэль, Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Жамшиджон Абдузуҳуров, тегишли вилоят бошқармалари раҳбарлари, хорижий ҳамкорлар, фермерлар ва соҳа мутахассислари иштирок этди.
Дастлаб семинар иштирокчилари Американинг "Grapa Global" компаниясига қарашли "ARRA" селекциясининг данаксиз узум навлари билан танишди.

Семинарнинг очилиш маросимида вилоят ҳокими ушбу анжуманни ташкил этиш ташаббуси учун компания раҳбарияти ҳамда барча ҳамкорларга миннатдорлик билдириб, Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги муносабатлар изчил ва жадал, янги босқичда ривожланиб бораётганига тўхталиб ўтди.
Узумчилик вилоят қишлоқ хўжалигининг муҳим тармоқларидан бири бўлиб, аҳоли бандлиги ва даромадларини ошириш, экспорт салоҳиятини юксалтиришда алоҳида ўрин тутади. Айни пайтда вилоятда 400 дан зиёд фермер хўжалиги 4,5 минг гектар майдонда узум етиштирмоқда. Шундан 3,4 минг гектари, яъни қарийб 76 фоизи Олтиариқ тумани ҳиссасига тўғри келади.
Бугунги кунда жаҳон бозорида данаксиз узум навларига талаб ортиб, маҳсулот сифати, ташқи кўриниши ва сақлаш хусусиятларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу боис замонавий навларни жорий этиш, илғор технологиялар ва халқаро тажрибадан фойдаланиш орқали маҳсулотнинг қўшилган қиймати ҳамда экспортбоплигини ошириш муҳим аҳамият касб этади.
Жаҳонда уруғсиз узум навларига қизиқиш юқори. Бундай навларни етиштириш маҳсулотнинг қўшилган қийматини ошириб, экспортдан олинадиган даромадни кўпайтириш имконини беради.
Ушбу навлар ўзининг данаксизлиги, аъло таъми, жозибадор кўриниши, юқори ҳосилдорлиги ва узоқ сақланиш хусусиятлари билан ажралиб туради. Энг муҳими, улар узоқ масофаларга ташиш ва савдо жараёнида сифатини йўқотмаслик талабларига тўлиқ жавоб бергани боис экспорт учун ғоят қулайдир.

Шунингдек, вилоятда қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга қаратилган «Агростар» лойиҳалари ва янги дастурлар, жумладан, узумчилик майдонларини икки баробарга ошириш режалари хусусида сўз юритилди. Компания билан ҳамкорликда бошланаётган ишлар узумчиликни ривожлантиришда янги босқичга хизмат қилиши айтиб ўтилди.
«Grapa Global» компанияси бош директори Рафи Карниэль компания фаолияти, уруғсиз узум навларининг хусусиятлари ва замонавий узумчиликни ривожлантириш имкониятлари ҳақида тақдимот қилди. У Фарғона вилоятининг қулай иқлим шароитлари ва маҳаллий деҳқонларнинг меҳнаткашлигини юқори баҳолаб, ҳамкорликни тезроқ амалий босқичга олиб чиқишга қизиқиш билдирди.
Ҳамкорлик фақат кўчат етказиб бериш билан чекланмайди. Замонавий технологиялар ва илғор тажрибаларни жорий этиш бўйича ҳам кўмак кўрсатиш режалаштирилган. Компания ҳозирда Фарғонага 10 хил уруғсиз узум навини олиб киришни мақсад қилган.
Семинар доирасида Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, «Ўзагростар» холдинги, Фарғона вилояти ҳокимлиги ҳамда АҚШнинг «Grapa Global LLC» компанияси ўртасида узумчиликни ривожлантириш, кўчатлар импортини йўлга қўйиш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини кенгайтириш бўйича ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Муҳаммаджон Обидов,
Элёр Олимов (видео), ЎзА