Ёшлар масаласи матбуот анжумани кун тартибида (+видео)
Фарғонада ёшлар сиёсати йўналишида амалга оширилаётган ишларга бағишланган навбатдаги матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Унда вилоят ҳокими ўринбосари Шерзод Полвонов журналист ва блогерларга ёшлар бандлигини таъминлаш, тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш ҳамда замонавий касбларга ўқитиш борасидаги натижалар ҳақида маълумот берди.
Таъкидландики, йил бошида хатловда аниқланган 7 841 нафар ишсиз ёшнинг 99,7 фоизининг бандлиги таъминланди. Шунингдек, 16 329 нафар ёшга 728 миллиард сўм имтиёзли кредит ажратилган. «Ёшлар дафтари» орқали 1 022 нафар ёшга 3,3 миллиард сўмлик манзилли ёрдам кўрсатилган.
Ахборот технологиялари соҳасида ҳам имкониятлар кенгаймоқда. Жорий йилда 49 та янги IT компанияси фаолияти йўлга қўйилиб, IT Park резидентлари сони 149 тага, улардаги ходимлар сони эса 1 750 нафарга етди. Вилоятдаги «Айти шаҳарчаси» марказларида 23,2 минг нафардан ортиқ, Coursera платформасида эса 41 минг нафар ёш ўқув курсларини тамомлаб, сертификат олди.
Матбуот анжуманида ОАВ вакилларини қизиқтирган саволларга жавоб берилди.
Муҳаммаджон Обидов,
Элёр Олимов (видео), ЎзА