Пойтахтимиздаги “ЖАР” спорт-соғломлаштириш мажмуаси стадионида ўзбек футбол шарҳловчилик мактабининг асосчиларидан бири, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи Ахбор Имомхўжаев хотирасига бағишлаб учинчи марта ўтказилган турнир такрорланмас лаҳзаларни туҳфа этди.
Турнир давомида нафақат мусобақа ғолиб ва совриндорлари аниқланди, балки миллионлар ўйини ривожи йўлида меҳнат қилиб келаётган мутахассислар, спорт журналистлари, футбол ҳакамлари, футболга меҳр қўйган кўплаб соҳа вакиллари дийдорлашди, дилдан суҳбатлашишди. Ҳамжиҳатликда соғлом турмуш тарзига ошно бўлишди. Футболни, саломатлик ҳаракатини тарғиб қилишди. Устоз хотирасини ёд этишди.
Муросасиз ўтган ўйинлар давомида “А” ва “Б” гуруҳларида 1-ўринни қўлга киритган “Бунёдкор” ва Ўзбекистон футзал федерацияси (ЎФФ) жамоалари бош соврин йўлида рўбарў келди.
[gallery-25580]
Пенальтилар сериясигача давом этган қизиқарли ўйинда ЎФФ жамоасига омад кулиб боқди ва бош совринни қўлга киритди.
Бронза медалига даъвогарлик қилган Миллий олимпия қўмитаси ва “Пахтакор” жамоалари ўртасидаги баҳсда “пахтакор”чилар ғалаба қозониб, 3-ўрин соҳиблари бўлишди.
Турнирнинг 5-ўрни учун ўтган ўйинда Ахбор Имомхўжаевнинг фарзандлари, набиралари ва яқинларидан ташкил топган “Сулола” жамоаси “Sport.uz” вакилларини 9:3 кўринишида доғда қолдирди.
Туп ўрарлар курашида “Сулола” жамоаси аъзоси Дониёр Имомхўжаев 7 та гол билан етакчилик қилган бўлса, кейинги поғоналарни МОҚ вакили Равшан Хурсанов(5), ЎФФ сардори Бекзод Маматқулов(5), Суннатилла Мамадалиев(5) эгаллади.
Тақдирлаш маросимида иштирок этган Миллий олимпия қўмитаси бош котиби Ойбек Қосимов, Ўзбекистон футбол фахрийлари кенгаши раиси Тўлаган Исоқов, футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоа бош мураббийи Темур Кападзе мазкур турнирнинг аҳамияти, унинг йилдан йилга анъанавий тус олаётганлиги оммавий футбол ҳаракатида муҳим ўринга эгалигини таъкидлашди.
Т. Рўзиев, А. Мамадаминов(фото), ЎзА