Бугун, 2 октябрь куни пойтахтимиздаги “ЖАР” спорт-соғломлаштириш мажмуаси стадионида мамлакатимиз спорт журналистикаси ривожига муносиб ҳисса қўшган, ўзбек футбол шарҳловчилик мактабининг асосчиларидан бири, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи Ахбор Имомхўжаев хотирасига бағишлаб учинчи марта ўтказилаётган мусобақанинг ғолиб ва совриндорлари номи маълум бўлади.
Турнирнинг бу йилги финал мусобақасида Ўзбекистон футзал федерацияси жамоаси “Бунёдкор” футбол клуби фахрийлари жамоаси билан рўбарў келади.
Айтиш лозим, турнирнинг “А” гуруҳида қатнашган Ўзбекистон футзал федерацияси жамоаси ўз гуруҳида Ўзбекистон футбол ассоциацияси жамоасини 4:2, “Спорт-ТВ”ни – 7:0, “Марказий сектор”ни – 13:0 ҳисобида мағлуб этиб, финал йўлланмаси соҳиби бўлди.

Иккинчи финалчи “Бунёдкор” эса “Б” гуруҳида “Sport.uz” (2:0), “Тонг” (8:2) ва “Championat.asia” (4:0) жамоаларидан устун келиб, бош совринга даъвогарлик мақомига кўтарилди.
Шунингдек бугун 3-ўрин учун кечадиган баҳсда “Пахтакор” Миллий олимпия қўмитаси жамоаси билан куч синашса, 5-ўринни қўлга киритадиган жамоалар номи “Сулола” ҳамда “Sport.uz” қарама-қаршилигидаги ўйин натижасида маълум бўлади.
Т.Рўзиев, ЎзА