2023—2024-ўқув йилидан бошлаб Тошкент давлат транспорт университетининг иқтидорли талабаларини рағбатлантириш учун “Автомобиль йўллари қўмитаси раиси стипендияси” жорий қилинди.
Стипендия соҳиби бўлиш учун танловда университетнинг кундузги таълим шаклида таҳсил олаётган бакалавриат йўналишининг 2—3 курс ва магистратура мутахассислиги 2-курс талабалари иштирок этди.
Танловда вилоят, шаҳар, республика ва халқаро миқёсдаги якка ва жамоавий тартибда ўтказилган турли кўрик-танловлар, фан олимпиадаларида фахрли ва совринли ўринни эгаллаган, таълим йўналишига мос мавзуда вилоят, республика ва халқаро миқёсдаги нашрларда якка ва ҳаммуаллифликда камида иккита мақола, тезис ёки асари, SCOPUS базасига кирувчи журналларда камида битта мақоласи эълон қилинган, автомобиль йўлларини лойиҳалаш, қуриш ва эксплуатация қилишга қаратилган инновацион ечим ва ишланмалар, стартап лойиҳаларини яратишда, соҳага тегишли корхоналарда ташкил этиладиган амалиётларда фаол иштирок этган ҳамда ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида эришган ютуқлари, дастурий таъминот маҳсулотлари, веб-иловалар ва бошқаларни ишлаб чиққани ҳамда лойиҳаси юзасидан таклиф берган талабалар орасидан ўн нафар муносиб номзод саралаб олинди.
Шунингдек, номзодларни саралашда уларнинг олиб борилаётган ислоҳотларни оммавий ахборот воситаларида, ижтимоий тармоқларда ва бошқа манбаларда фаол тарғиб қилгани, намунали хулқи инобатга олинди.
Хусусан, талабалардан Баҳодир Олтиев, Абдукарим Саидов, Зуфарбой Бозоров, Мадинабону Абдувалиева, Гулижаҳон Ражабова, Ойбек Қаҳҳоров, Нодирбек Оллоёров, Моҳичеҳра Саидназарова, Самандар Пардабаев ҳамда Сардор Савриддиновлар “Автомобиль йўллари қўмитаси раиси стипендияси” соҳиби бўлди.
Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, “Автомобиль йўллари қўмитаси раиси стипендияси” миқдори олий таълим муассасалари талабаларига тайинланадиган стипендия базавий миқдорининг 2 (икки) баробарига тенглаштирилган.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА