Фуқароларнинг кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқлари эътироф этилди
Давлат раҳбари ташаббуси билан бошланган мулкий муносабатларни қонуний тартибга солишга қаратилган ислоҳотлар минглаб юртдошларимизнинг йиллар давомида ечимини кутиб келган муаммоларига ҳуқуқий ечим бермоқда. Бухоро вилоятида ҳам бу борадаги ишлар изчил давом эттирилиб, яна минглаб фуқароларнинг мулкий ҳуқуқлари қонуний эътироф этилмоқда.
Инсон учун ўз уйи, ери ва мол-мулкига нисбатан қонуний ҳуқуққа эга бўлиш нафақат иқтисодий манфаат, балки хотиржамлик ва келажакка ишонч демакдир. Бироқ йиллар давомида турли сабабларга кўра ер участкаларини эгаллаган, уларда уй-жой ёки бошқа иншоотлар қурган айрим фуқароларнинг мулкий ҳуқуқлари тегишли ҳужжатлар билан расмийлаштирилмай қолган. Бу эса уларнинг ўз мол-мулкини эркин тасарруф этиши, мерос қилиб қолдириши ёки бошқа ҳуқуқий ҳаракатларни амалга оширишига тўсиқ бўлиб келган.
Давлат раҳбари ташаббуси билан мазкур муаммоларни тизимли ҳал этиш, фуқароларнинг мулкий ҳуқуқларини кафолатлаш ва йиллар давомида тўпланиб қолган масалаларга қонуний ечим топишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада қабул қилинган “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги Қонун муҳим ҳуқуқий механизм вазифасини ўтамоқда.
Эътиборлиси, ушбу Қонун орқали белгиланган талаб ва мезонларга жавоб берадиган кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни эътироф этишнинг аниқ тартиби жорий этилди. Бу эса ҳар бир ҳолатни қонунчилик талаблари асосида ўрганиб, фуқароларнинг мулкий манфаатларини ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиш имконини бермоқда.


Айни пайтда мазкур Қонун ижроси доирасида Бухоро вилоятида ҳам кенг кўламли хатлов ишлари олиб борилмоқда. Давлат кадастрлари палатаси вилоят бошқармасининг шаҳар ва туман филиаллари мутахассислари томонидан ер участкалари, уларда жойлашган бино ва иншоотлар ҳамда мавжуд маълумотлар ўрганилиб, тегишли ахборот тизимларига киритилмоқда.
Бугунги кунга қадар вилоятда 133 мингдан ортиқ кўчмас мулк объекти хатловдан ўтказилди. Бу жараён фақат мавжуд мулкларни ҳисобга олиш билан чекланмай, уларнинг ҳуқуқий ҳолатини аниқлаш, маълумотларни тизимлаштириш ва қонуний расмийлаштириш учун зарур асосни яратмоқда.
Амалга оширилаётган ишлар натижаси рақамларда ҳам ўз ифодасини топмоқда. Жумладан, аввалроқ вилоят бўйича 15 348 нафар фуқаронинг кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқлари эътироф этилган эди. Куни кеча эса халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгаши томонидан “Эътироф” ахборот тизими орқали ижобий хулоса олган, ҳуқуқий ҳужжатлари мавжуд бўлмаган кўчмас мулк объектларига нисбатан яна 3 305 нафар фуқаронинг эгалик ҳуқуқи эътироф этилди.
Шу тариқа, вилоятда мазкур Қонун асосида мулкий ҳуқуқлари эътироф этилган фуқаролар сони 18 383 нафарга етди.
Бу рақамлар ортида эса минглаб оилаларнинг йиллар давомида кутиб келган ҳуқуқий ечими, ўз уй-жойига нисбатан ишонч ва эртанги кунга дахлдор режалари мужассам. Зеро, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқнинг эътироф этилиши фуқарога шунчаки ҳужжат бериш эмас. Бу унинг мулкий манфаатларини давлат томонидан ҳуқуқий ҳимоя қилиш, мол-мулкини қонуний асосда тасарруф этиш, мерос қолдириш ва иқтисодий имкониятларидан тўлақонли фойдаланиш учун замин яратишдир.


Шу нуқтаи назардан, Бухоро вилоятида олиб борилаётган хатлов ва ҳуқуқларни эътироф этиш ишлари ижтимоий аҳамияти билан ҳам эътиборга молик. Чунки мулк дахлсизлиги таъминланган жамиятда фуқароларнинг давлатга ишончи мустаҳкамланади, иқтисодий фаоллик ва тадбиркорлик ташаббуслари учун ҳам қўшимча имкониятлар юзага келади.
Айни жараёнда фуқароларнинг ҳам фаоллиги муҳим. Хатлов ишларида кадастр мутахассисларига зарур маълумотларни тақдим этиш, кўчмас мулк объектларига оид маълумотларнинг тўғрилигини таъминлаш ва белгиланган тартибларга амал қилиш ҳуқуқларни эътироф этиш жараёнининг самарали кечишига хизмат қилади.
Энг муҳими, бугун йиллар давомида ҳужжатлаштирилмай қолган мулкий муносабатларга қонуний ечим топилаётгани ислоҳотларнинг марказида инсон манфаати турганини яна бир бор намоён этмоқда. Зеро, инсон қадри унинг ҳуқуқлари амалда таъминланганида, мол-мулки ишончли ҳимояланганида ва келажагини хотиржам режалаштира олишида намоён бўлади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири