Энди фуқаро ва тадбиркорлар ҳокимликларнинг ҳужжатлари устидан судга шикоят қилиши мумкин
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг йиғилишида “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексини тасдиқлаш ҳақида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.
Қайд этилганидек, мазкур ҳужжат фуқаролар ва ташкилотларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ маъмурий ишларни судда кўриб чиқиш ва ҳал этиш тартибини белгилайди. Фуқароларнинг судга мурожаат қилиш имкониятлари кенгайтирилмоқда.
Шунингдек, маъмурий судларнинг ваколатлари кенгайтирилмоқда. Энди фуқаро ва тадбиркорлар ҳокимликларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари устидан ҳам маъмурий судга шикоят қилиши мумкин бўлади. Бундай шикоятлар вилоят даражасидаги судларда судьялар ҳайъати томонидан прокурор иштирокида кўрилади.
Шунингдек, маъмурий-ҳуқуқий органлар билан бир қаторда уларнинг мансабдор шахслари ҳам жавобгар бўлиши мумкинлиги тикланмоқда.

Лойиҳага кўра, гувоҳ кўрсатма беришдан бўйин товлагани учун эмас, ёлғон гувоҳлик бергани учун жавобгарлик белгиланади.
Муҳокамаларда фракция аъзолари қатор фикр ва таклифлар билдириб, қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлади.
Йиғилишда, шунингдек, фракция ташаббуси билан масъул қўмита ҳамкорлигида хориждаги ватандошлар ва диаспоралар билан алоқаларни ривожлантириш масаласи юзасидан Ташқи ишлар вазирига парламент сўрови юбориш таклифи маъқулланди.
М.Комилова,
ЎзА