| Y | D | S | CH | P | J | SH |
|---|---|---|---|---|---|---|
| 1 | 2 | 3 | 4 | 5 | 6 | 7 |
| 8 | 9 | 10 | 11 | 12 | 13 | 14 |
| 15 | 16 | 17 | 18 | 19 | 20 | 21 |
| 22 | 23 | 24 | 25 | 26 | 27 | 28 |
| 29 | 30 | 1 | 2 | 3 | 4 | 5 |
Асосий мақсад аҳоли турмуш даражасини юксалтириш

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Андижон вилоятига ташрифи чоғида Шаҳрихон мамлакатимиздаги аҳолиси ўта зич жойлашган туманлардан бири эканлигини таъкидлаб, тумандаги муаммоларни ўрганиш ва уларни ижобий ҳал этиш, туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича дастурлар ишлаб чиқиш бўйича топшириқ берган эди.
Президент топшириқларидан келиб чиқиб, вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов бошчилигида вилоят ҳокимининг ўринбосарлари, вилоят ташкилотлари, корхона ва муассасалари, тумандаги 4 та сектор раҳбарлари, Халқ депутатлари вилоят ва туман Кенгаши депутатлари ҳамкорлигида Шаҳрихонда аҳолини қийнаётган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш бўйича “Йўл харитаси” ишлаб чиқилиб, белгиланган вазифаларни амалга оширишга қаратилган аниқ ва тизимли ишлар олиб борилмоқда.

– Бу ишлардан кўзланган асосий мақсад, шаҳрихонликлар турмуш даражасини янада юксалтириш, – дейди вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов. – Қолаверса, Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидай одамларнинг ўз ҳаётидан рози бўлиб яшашларини таъминлашга қаратилган.
Тумандаги мавжуд 76 та маҳалла фуқаролар йиғинига вилоят ташкилотлари масъул этиб бириктирилди. Ташкил этилган ишчи гуруҳлар маҳаллаларда уйма-уй юриб, ҳудудлардаги, шунингдек, одамларни қийнаётган муаммо ва камчиликларни ўрганади. Ўрганишлар доирасида маҳаллаларда электр энергияси, газ, тоза ичимлик суви таъминоти, кўчаларни таъмирлаш, аҳоли бандлигини таъминлаш, кўмакка муҳтож оилалар, ногиронлиги бўлган шахслар, якка-ёлғизларни ижтимоий муҳофаза қилиш бўйича алоҳида дастурлар ишлаб чиқилади.
Шунингдек, тумандаги ижтимоий соҳа объектлари – умумтаълим мактаблари, соғлиқни сақлаш муассасалари, мактабгача таълим ташкилотлари фаолияти ҳам ўрганилади. Аҳоли, айниқса, кексалар ва болалар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилади. Шаҳрихонликлар ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, турли касалликлар келиб чиқишининг олдини олиш, уларни фаол ва соғлом ҳаёт кечиришларини таъминлаш мақсадида турли спорт мусобақалари, соғломлаштириш акциялари ўтказилиши кўзда тутилган.
– Айниқса, “Темир дафтар”га киритилган оилаларни камбағалликдан чиқаришга алоҳида эътибор қаратилади, – дейди вилоят ҳокимининг ўринбосари Ўткирбек Шукуров. – Шу билан бирга, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшлар ва опа-сингилларимизни ижтимоий, ҳуқуқий, психологик қўллаб-қувватлаш, бандлигини таъминлаш, умуман, уларни қийнаётган муаммоларини бартараф этишга кўмаклашилади. Мазкур йўналишда аниқ ва манзилли ишлар олиб борилади.
Вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари А. Эгамбердиев бошчилигида вилоят ташкилотлари раҳбарлари Шаҳрихон туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича амалий ишларни бошлаб юборди.
Шаҳрихон туманида 1 минг 141 километр ички йўллар мавжуд бўлиб, шундан 225 километри тупроқ қатламли, шағаллаштирилиши зарур бўлган йўллар ҳисобланади. Вилоят йўлсозлари томонидан ички йўлларни таъмирлашга киришилди.
Жумладан, тумандаги Бешмаҳалла, Байроқ, Қуруқсой, Чўжа, Тумор, Қозиқўрғон маҳаллаларида 3,1 километр масофадаги ички кўчаларга шағал ётқизиш ишлари амалга оширилди.
Шаҳрихон тумани ички йўлларни таъмирлаш ишларига вилоят автомобиль йўллари ҳудудий бош бошқармаси томонидан 8 та автогрейдер, 8 та зичлаш техникаси, 3 та юклагич ҳамда 120 нафар ишчи-ходимлар жалб этилди. Шунингдек, 200 га яқин транспорт воситаси шағал ташиш ишларида қатнашмоқда.
Фахриддин УБАЙДУЛЛАЕВ, Зухриддин УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА
Муаллиф: ikromavvalboyev




