Аскарлар учун кузатув маросими ташкиллаштирилди (+видео)
Бугун Янги Ўзбекистоннинг янги армияси мутлақо замонавий йўналишда фаолият юритмоқда. Хусусан, Жамоат хавфсизлиги университети қошида ўз йигитлик бурчини ўтаётган муддатли ҳарбий хизматчиларнинг жисмоний ва ҳарбий тайёргарликларни ўзлаштиришлари учун кенг имкониятлар яратилган. Улар бир йил давомида жисмонан чиниқиб, қурол аслаҳа сирларини ўзлаштириб, юксак ҳарбий тайёргарлик босқичидан ўтдилар. Шуни алоҳида таъкидлаш керак-ки, Президентимиз, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёевнинг ҳарбий соҳада олиб бораётган кенг кўламли ислоҳотлар туфайли бугун Армиямиз ёшлар учун ҳақиқий ҳаёт мактабига айланган.
Жамоат хавфсизлиги университети қошидаги ҳарбий қисмда муддатли ҳарбий хизмат бурчини ўтаётган аскарлар учун кузатув маросими ташкил этилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўмондонлиги вакиллари, ҳарбий қисм шахсий таркиби ҳамда университет профессор-ўқитувчилари иштирок этишди. Тадбирда давлатимиз раҳбари томонидан бугунги кунда аскарлар учун яратилган имкониятлар, чет тиллар ва қатор фанлар, сунъий интеллект дарсхоналаридаги замонавий шароитлар, касб-ҳунар ўргатиш учун махсус марказлар билан боғланган узвий алоқалар тилга олинди.
Муддатли ҳарбий хизмат давомида аскар фақат жисмоний ва ҳарбий тайёргарлик билан чекланиб қолмайди. Мамлакат эртаси бўлган ёшлар келгусида жамиятда мустаҳкам ўрин топиши учун алоҳида касбга тайёрлаш босқичидан ҳам ўтадилар. Яъни, армияда ёшлар камида битта касб эгаси бўлиб чиқишларида мутлақо янги тизим яратилди. Жамоат хавфсизлиги университети қошидаги ҳарбий қисмда ҳам бу ердаги асосий йўналиш ва мутахассисликдан келиб чиқиб, аскарларни касбга тайёрлаш бўйича 3-6 ойлик дастурлар ишланиб, пойтахтнинг йирик касб-ҳунар марказлари билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилган. Дастурни якунлаган аскарлар малака имтиҳонидан ўтказилиб, маълум касб мутахассиси сертификатини қўлга киритадилар. Олий маълумот олиш истагида бўлганлар учун эса яна катта имконият.
Янги тартибга кўра, аскарлар муддатли ҳарбий хизматни ўташ давридаёқ ўзлари хоҳлаган олий таълим даргоҳига ўқишга кириш учун имтиҳон топшира оладилар. Аскарларни бу имтиҳонларга университетнинг малакали профессор-ўқитувчилари тайёрлайди.
Жамоат хавфсизлиги университети қошидаги ҳарбий қисмда аскарлар сўнгги кунларда ҳам жанговар ва махсус тайёргарлик, ҳудудларни ободонлаштириш ишларида фаол иштирок этмоқдалар. Бу ишлар муддатли ҳарбий хизматчиларнинг касбий маҳоратини ошириш, уларни ҳар томонлама етук ва баркамол инсон сифатида шаклланишида омил бўлади.
Ватан олдидаги масъулиятли бурчни шараф билан ўтаган юрт ўғлонларини кузатиш тадбирида университет қўмондонлиги уларга оқ йўл тилаб, сертификат ва имтиёзли йўлланмаларни тантанали суратда топширдилар. Маънавият ва маърифат марказининг ҳарбий оркестр жамоаси эса ҳар томонлама етук, жисмонан ва маънан баркамол шахс сифатида шаклланганган йигитларнинг бу унутилмас лаҳзаларини ҳақиқий байрамга айлантириб юборди.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/Vil49AbGYbM?si=gf3NqdPAjC6OB3Tm" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳайё Турдалиева, Нишонбой Абдувоитов, ЎзА