Қардош халқ рақсларининг жозибаси
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театрида Ўзбекистонда Қозоғистон йили доирасида қардош мамлакатнинг Миллий хореография академияси талаба-ёшлари иштирокида концерт дастури намойиш этилди.
Ўзбекистонда Қозоғистон йили
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театрида Ўзбекистонда Қозоғистон йили доирасида қардош мамлакатнинг Миллий хореография академияси талаба-ёшлари иштирокида концерт дастури намойиш этилди.
Мамлакатимизда бўлиб ўтаётган Ўзбекистонда Қозоғистон йили кўтаринки ва байрамона руҳи, ранг-баранг тадбирлари, қамровининг ғоят кенглиги, икки халқ ўртасидаги маданий-маърифий алоқаларни тобора мустаҳкамлашга хизмат қилиши билан аҳамиятга молик бўлмоқда.
Ижодий ва жамоат тузилмалари, олий ўқув юртлари, театр жамоалари ўртасидаги ҳамкорлик ришталарининг тобора мустаҳкамланиб бораётгани, санъат фестиваллари, сафарлар, ҳамкорликдаги лойиҳалар тизимли амалга оширилаётгани дўстлигимизнинг абадий эканини яна бир карра намойиш этмоқда.
Қозоқ миллий хореография академияси ташкил топганига ҳали унчалик кўп вақт ўтмаган бўлса-да, мазкур билим даргоҳи истеъдодларни фаол қўллаб-қувватлаши, уларни мамлакат ва халқаро миқёсда танитишга эътиборни кучайтираётгани билан аҳамиятлидир.
– Академияга илк қабул 2016 йилда бошланган, – деди унинг биринчи проректори, Қозоғистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, профессор Бибигул Нусипжанова. – Ўзбекистонда Қозоғистон йили байрамона руҳда нишонланаётганидан хабаримиз бор. Мазкур тадбир учун махсус концерт дастурини тайёрладик. У мумтоз балет асарларидан лавҳалар, қозоқ рақс намуналарини ўзига жамлаган. Сафаримиз давомида Тошкент давлат миллий рақс ва хореография олий мактабида ҳам бўлдик. Талаба-ёшлар, ўқитувчилар алмашинувига доир дастурларни ҳаётга татбиқ этишга келишиб олдик. Ушбу дастур ўзбек миллий рақс санъати ёшларимиз томонидан ўрганилишида ҳам пойдевор яратади. Ўзбекистоннинг Уста Олим Комилов, Муҳиддин Қориёқубов, Тамарахоним, Ҳалима Носирова, Галия Измайлова, Карим Зокиров сингари санъат дарғалари ўз маҳоратини намойиш этган саҳнасида чиқиш бизнинг ёшларимиз учун улкан шарафдир.
Қозоқ миллий хореорафия академиясининг иқтидорли ёшлари томонидан тақдим этилган концерт томошабинларга ғоят манзур бўлди.