АҚШнинг энг йирик арзон авиакомпанияси ёнилғи нархи ошиши туфайли ёпилди
ВВС хабар беришича, Шимолий Америкадаги энг йирик арзон авиакомпания ҳисобланган "Spirit Airlines" фаолиятини тўхтатаётганини билдирди.
Корхона Дональд Трамп маъмурияти билан молиявий ёрдам бўйича келишувга эриша олмаган. Яқин Шарқдаги можаро туфайли авиация ёнилғиси қимматлашиши эса жамоа учун охирги зарба бўлди.
"Spirit Airlines" АҚШ маъмурияти билан 500 миллион долларлик ёрдам масаласида музокара олиб борди. Афсуски, мулоқот муваффақиятсиз якунланди ва компания ўз веб-сайтида "ҳафсаласи жуда пир бўлгани" ва дарҳол "тартибли равишда пасайиш" бошланишини эълон қилди.
Ўтган йил август ойида мазкур корхона мавсум давомидаги иккинчи банкротлик тўғрисидаги аризасини берган эди. Компаниянинг аҳволи яхшилана бошлаган бир пайт, сўнгги ойларда АҚШ - Исроил - Эрон можароси ва Ҳурмуз бўғози қисман ёпилиши ортидан авиация ёнилғиси нархи кескин кўтарилиши яна сезиларли зарар келтирди.
Маълумотга кўра, жуда кўп йўловчи ташувчи авиакомпания фойдаланадиган "Jet A-1" ёнилғиси охирги ҳафталарда тахминан икки баробар қимматлашган.
"Spirit Airlines" жума-шанба кунлари барча рейсларни бекор қилиб, мижозлар пули қайтарилишини айтган.
60 йилдан кўпроқ вақт олдин ташкил этилган бу авиакомпания ёпилиш вақтида 100 дан зиёд "Airbus А320" оилавий самолётидан иборат паркни бошқарган. Жумладан, энг янги "А320 neo" ва "А321 neo" ҳаво кемаларида Мексика, Кариб ҳавзаси давлатлари ва Жанубий Американинг айрим ҳудудларига ўнлаб қатновларни амалга оширган.
Г.Сатторова, ЎзА