АҚШ хавфсизлик сабабли “FIFA U-17” жаҳон чемпионатидан воз кечди
АҚШ Футбол федерацияси Яқин Шарқдаги хавфсизлик билан боғлиқ вазият сабабли 17 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги жаҳон чемпионатида иштирок этмасликка қарор қилди. Мусобақа 19 ноябрдан 13 декабрга қадар Қатарда ўтказилиши режалаштирилган.
“Reuters” ахборот агентлиги хабар беришича, федерация футболчиларга йўллаган мактубида қарор АҚШ Давлат департаментининг Қатарга сафар қилиш бўйича учинчи даражали хавф огоҳлантириши билан боғлиқ эканини маълум қилган. Мазкур огоҳлантириш қуролли можаролар хавфи туфайли мамлакатга сафарни қайта кўриб чиқишни тавсия этади.
Халқаро футбол федерацияси (FIFA) 12 ноябрда эълон қилган расмий баёнотида АҚШнинг қарори ҳақида хабардор қилинганини тасдиқлади. Ташкилотга кўра, мусобақа хавфсизлиги юзасидан баҳолар ўзгармаган ва чемпионат белгиланган муддатда бошланади. FIFA президенти Жанни Инфантино ҳам Қатар мусобақа иштирокчилари учун хавфсиз эканини таъкидлади.
Қўшма Штатлар терма жамоаси 21 ноябрда Черногорияга қарши илк учрашувини ўтказиши, кейинчалик Чили ва Жазоир билан баҳслашиши керак эди. Ҳозирча унинг ўрнини қайси жамоа эгаллаши маълум қилинмаган.
С.Раҳимов, ЎзА