АҚШ ва Ўзбекистон шахматчилари олимпиада олдидан куч синашди
АҚШнинг Майами шаҳрида шахмат бўйича Ўзбекистон ва АҚШ терма жамоалари ўртасида ўтказилган "WR Chess Rapid & Blitz" мусобақаси якунланди.
Икки кунлик кескин ва муросасиз баҳслар якунига кўра, Халқаро шахмат федерацияси рейтингида 1-ўринни эгаллаб келаётган АҚШ терма жамоаси умумий ҳисобда 14:10 кўринишида ғалаба қозонди.
Хусусан, рапид йўналишидаги мусобақаларда АҚШ жамоаси 5 очко жамғарган бўлса, Ўзбекистон шахматчилари 3 очкога эга бўлишди.
Кеча ўтказилган блиц баҳсларида ҳам океан орти вакиллари устунликка эришди. АҚШ-Ўзбекистон - 9:7.
Шахматчиларнинг алоҳида кўрсаткичлари борасида терма жамоамиз аъзолари Жавоҳир Синдоров ва Нодирбек Абдусатторов ўтказилган 12 та турда 7,5 очко жамғаришга муваффақ бўлди. Бу, уларни иштирокчилар орасида етакчиликка эришишини таъминлади.

Бироқ, яккаликда Нодирбек Ёқуббоев, Шамсиддин Воҳидов ва Муҳиддин Мадаминовнинг керакли натижаларга эриша олмагани, аксинча АҚШ терма жамоасининг 4 нафар аъзоси мўътадил очко жамғаргани жамоавий кўрсаткичларда америкаликларнинг муваффақиятга эришишига олиб келди.
Нима бўлганда ҳам, жорий йил сентябрь ойида Самарқандда ўтадиган 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси остонасида ташкил этилган ушбу мусобақа ҳар икки жамоа учун икки йиллик олимпиадага тайёргарликнинг муҳим босқичи бўлгани билан муҳим аҳамият касб этди.
Т.Рўзиев,
ЎзА