АҚШ ва Эрон Покистон воситачилигида сулҳни узайтиришга келишиб олди
АҚШ ва Эрон Исломобод воситачилигида ўзаро сулҳ муддатини узайтиришга розилик билдирди. Бу ҳақда Покистон ҳукуматидаги манбаларига таяниб, Туркиянинг “Anadolu” агентлиги хабар берди.
Маълумотга кўра, ҳар икки томон воситачилар орқали келишувни узайтиришга рози бўлган ва ҳозир янги муддат бўйича музокара ҳамда хабар алмашинуви давом этмоқда.
Икки мамлакат ўртасида ҳарбий ҳаракатни тўхтатиш ва келишмовчиликни дипломатия йўли билан ҳал этиш мақсадида тузилган 60 кунлик вақтинча сулҳ меморандуми муддати 17 августда тугаши керак эди. Битим даврида томонлар бир неча бор рақибга нисбатан келишувни бузиш даъвосини қўзғаган. Масалан, Вашингтон Теҳронни Ҳурмуз бўғозида вазиятни чигаллаштириш, Эрон эса АҚШни ҳарбий ҳаракатни тўхтатмасликда айблаган. Ҳозир сулҳни узайтиришнинг аниқ муддати ва кейинги шартларга аниқлик киритилмоқда.
Ф.Яхшибоева, ЎзА