АҚШ Қешм оролига зарба берганини тасдиқлади
АҚШ ҳарбий авиацияси Эроннинг Ҳурмуз бўғозида жойлашган Қешм оролидаги ракета учириш объектига ҳаво зарбаси берди. Вашингтон ушбу ҳарбий амалиёт ўзини ўзи ҳимоя қилиш мақсадида амалга оширилганини маълум қилди.
“Ал-Жазира” телеканали хабарига кўра, Америка қирувчи самолётлари оролда жойлашган Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпусига тегишли ракета учириш объектига юқори аниқликдаги қуроллар ёрдамида зарба берган. Вашингтон ушбу амалиётни Эрон кучларининг минтақадаги АҚШ ҳарбий хизматчилари ва ҳарбий объектларига қарши ҳаракатларига жавоб сифатида изоҳлаган.
АҚШ Марказий қўмондонлиги (CENTCOM) минтақадаги вазиятни диққат билан кузатиб бораётгани ҳамда америкалик ҳарбий хизматчилар хавфсизлигини таъминлаш учун зарур чораларни кўришга тайёр эканини таъкидлаган.
Эроннинг расмий IRNA ахборот агентлиги маълумотига кўра, Ҳурмузгон вилояти губернатори ўринбосари Аҳмад Нафисий оролга берилган зарбалар оқибатида турар жойлар, савдо объектлари ва муҳим инфратузилмага зарар етмаганини билдирган. Унинг таъкидлашича, Қешм оролидаги вазият назорат остида, тегишли хизматлар юқори шайлик ҳолатига келтирилган.
Шу билан бирга, Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси Баҳрайндаги Шайх Исо авиабазасида жойлашган АҚШ радиолокация тизимига учувчисиз учиш аппаратлари орқали ҳужум уюштирганини маълум қилган. АҚШ Марказий қўмондонлиги эса дронлар уриб туширилгани, Америка ҳарбий хизматчилари ва техникасига зарар етмаганини билдирган.
18 ноябрь куни Кувайт ва Баҳрайн ҳам Эрон томонидан амалга оширилган дрон ҳужумларига қарши ҳаво мудофаа тизимларини ишга туширганини маълум қилди. Бу воқеалар Форс кўрфази минтақасида ҳарбий кескинлик сақланиб қолаётганидан далолат беради.
Қешм ороли Ҳурмуз бўғозининг стратегик муҳим қисмида жойлашган. Мазкур бўғоз жаҳон нефть ва газ ташувларида муҳим ўрин тутади. Шу боис, ушбу ҳудуддаги ҳарбий тўқнашувлар нафақат минтақавий хавфсизлик, балки халқаро денгиз қатнови ва глобал энергетика бозори барқарорлигига ҳам таҳдид солмоқда.
А.Маматов, ЎзА