АҚШ Эквадор ёрдамида наркокартел логистикасига зарба берди
АҚШ Жанубий қўмондонлиги – “South Com” маълумотига кўра, АҚШ ва Эквадор кучлари Шарқий Тинч океанидаги халқаро сув ҳудудида “Los Choneros” картели фойдаланган ёнилғи таъминоти кемасига қарши амалиёт ўтказди. Тадбирдан кўзланган мақсад гиёҳванд моддалар ташиш логистика тармоғига зарба бериш эди.
Америка ҳарбийлари “USS San Antonio” кемасида ҳаракатланиб, ёнилғи таъминоти кемасига чиққан. Кемадаги шахслар Эквадор ҳукуматига топширилган. Шундан сўнг бўшатилган кема чўктирилган. Мазкур кема аввалроқ АҚШ Молия вазирлиги томонидан санкция рўйхатига киритилган.
Логистика занжири – картелнинг асосий таянчи
Гиёҳвандлик савдосида фақат модда эмас, маҳсулотни ташиш, жараённи ёнилғи билан таъминлаш ва сувда ҳаракатланиш имконини берадиган инфратузилма ҳам муҳим ўрин тутади. Шу нуқтаи назардан амалиёт давомида айнан ёнилғи таъминоти кемаси нишонга олиниши эътиборли. Бундай таъминот узоқ масофага ҳаракатланадиган кичик кемалар учун ҳам муҳим логистик ресурс ҳисобланади. Яъни, бўғин ишдан чиқарилиши картелнинг ташиш имкониятига таъсир кўрсатади.
Эквадор билан ҳамкорлик кучаймоқда
Бу галги амалиёт Эквадор ҳукумати кўмагида амалга оширилди. “South Com” қўмондони генерал Фрэнсис Л.Донован таъкидлашича, эквадорликлар билан бирга ўтказилган амалиёт гиёҳвандлик терроризмига қарши минтақавий ҳамкорликнинг амалий натижасидир. Демак, Америка минтақа давлатлари билан хавфсизлик соҳасидаги шерикликни кучайтиришга интиляпти.
“Los Choneros” – Эквадордаги энг хавфли жиноий тузилмалардан бири
Эквадордаги йирик жиноий тузилма сифатида танилган “Los Choneros” гуруҳи гиёҳванд моддалар савдоси билан бирга бошқа уюшган жиноят турлари билан ҳам боғланган. Шу боис, АҚШнинг картелга қарши ҳаракати қуруқликдаги амалиёт билан чекланмайди. Денгиз йўли, таъминот воситаси ва логистика тармоғи ҳам нишонга олинади. Айни ёндашув картелнинг молиявий ва ташкилий имкониятини камайтиришга қаратилган.
АҚШдан янгича ёндашув
Кемадаги шахслар эвакуация қилиниб, Эквадор расмийларига топширилгани ҳам муҳим. Яъни асосий зарба инсонга эмас, гуруҳ фойдаланган логистика воситасига қаратилган. Бу ҳаракат Ғарбий ярим шарда гиёҳвандлик терроризмига қарши кураш режасининг бир қисми сифатида баҳоланмоқда.
Шарқий Тинч океанидаги ушбу воқеа гиёҳванд моддалар ноқонуний айланмасига қарши курашда денгиз коммуникацияси ва таъминот занжири тобора кўпроқ эътибор марказига чиқаётганини кўрсатади.
Нодира Қаюмова, ЎзА