АҚШ 20 йилдан сўнг Ироқни тарк этмоқда: ортда нима қолди? (+видео)
АҚШ 30 сентябрга қадар Ироқда қолган ҳарбий кучларини олиб чиқиб кетишни режалаштирган. Шу тариқа 20 йилдан кўп давом этган ҳарбий иштирок якунланади, деб ёзди "ВВС" нашри.
Қўшма Штатларнинг ушбу йирик араб давлатига ҳарбий дахлдорлиги 2003 йил бошланган. Айни жараён Саддам Ҳусайн ҳокимиятдан ағдарилишига олиб келган. Шундан сўнг, мамлакатда динлараро низо ва маҳаллий қўзғолончиларга қарши кўп йиллик қуролли тўқнашув авж олган.
Америка қўшини 2011 йил Ироқни тарк этган, аммо 2014 йил ИШИД тизимини тор-мор этишга ёрдам бериш учун яна қайтиб кирган. Америка ҳарбийларининг эндиги чиқиши Эрон билан боғлиқ можаро пайти амалга оширилмоқда. Сабаби, Ироқдаги америкалик аскарлар Теҳрон томонидан ҳужумга учраши хавфи кучайди.
Таҳлилчилар фикрича, қўшинсиз АҚШнинг мавжуд таъсири йўқолиши даргумон. Айни пайт мавзуга берилаётган изоҳ турлича.
– АҚШ мақсадига эриша олмади, ҳокимият алмашиши ироқликларнинг барқарор ва фаровон мамлакат ҳақидаги умидини оқламади, – дейди мустақил эксперт Сафвон Ал-Амин. – Ўша воқеалар беқарорликни кучайтириб, Эронга минтақадаги таъсирини кучайтириш имконини берди.
Америкалик дипломат Дуглас Силлиман эса ўтиш даври беқарор кечгани, Саддам Ҳусайн ағдарилгандан кейин юз берган сиёсий ўзгариш кўплаб ироқликларга маъқул келганини айтади.
Британиялик тадқиқотчи Халил Анвар Хеллиер эса вазиятга демократия нуқтаи назаридан қарамаслик керак, деб ҳисоблайди.
– Одамлар “АҚШ демократия қурдими?” деган саволни беришни бас қилиши керак, йўқ, қурмади, – дея таъкидлайди у.
Бинобарин, экспертлар бир масалада ҳамфикр: Ироқ ҳамон 2003 йилдаги Америка сиёсати тасаввур қилган демократиядан анча узоқ. Ўлкада коррупция кенг тарқалган. Расмий давлат тузилмалари билан бирга қуролли тузилмалар ҳам ҳокимиятни сақлаб турибди.
Ал-Амин фикрича, АҚШнинг таъсири қўшин олиб чиқилгандан кейин ҳам сақланиб қолади.
Хуллас, Вашингтон Ироқда режимни ўзгартиришга эришди, аммо кўзланган барқарор ва демократик давлат тўлиқ барпо этилмади. Жараён ички муаммолар баробарида Эрон таъсири кучайиши ва кўп йиллик беқарор ҳолатни юзага келтирди.
Кенжа Бекжонов,
Салимжон Обиджонов (видео),
ЎзА