АҚШ қарийб 50 йилдан буён Эронга қарши
Американинг “Townhal” нашри 1979 йил юз берган Ислом инқилоби давридан Трампнинг иккинчи муддатигача кечган АҚШ – Эрон қарама-қаршилиги тарихини таҳлил қилди. Мақолада таъкидланишича, Вашингтон қарийб ярим аср давомида 8 Президентни кўрди, Теҳрон билан муносабат эса Қўшма Штатлар учун ўта мураккаб ташқи сиёсат масаласи бўлиб қолаверди.
Жимми Картер, Рональд Рейган, Жорж Буш, Билл Клинтон ва кичик Жорж Буш даврида Американинг ушбу Ислом Республикасига нисбатан сиёсати асосан дипломатик босим, санкция ва чекловни бирлаштирган. Барак Обама асосий эътиборни дипломатик восита ва ядровий келишувга қаратди, Дональд Трамп эса биринчи муддатида ўта кучли босим сиёсатига қайтди.
“Townhal” фикрича, Жозеф Байден даврида Вашингтон яна бир бор кескинликни бироз юмшатган. Трамп Оқ уйга қайтиши ўзаро муносабатда янги бурилиш нуқтаси бўлди.
Таҳлилга кўра, ҳозирги маъмурият Эрон ҳарбий ва ядровий салоҳиятини янада мустаҳкамлашининг олдини олиш учун зарур чораларга таянмоқда. Муаллиф ўнлаб йил давомида Америка маъмурияти Теҳроннинг эҳтимолий таҳдидидан огоҳлантирган, аммо кескин чорани доим кейинга қолдиришни афзал кўрган, дея хулоса қилади. Трамп шу тартибни бузиш ва босим кампаниясига чек қўйиб, ишни охирига етказишга интилмоқда.
С.Раҳимов, ЎзА