Анталия саммити: Ўзбекистоннинг глобал экологик дипломатиядаги янги қадамлари
Бугунги кунда иқлим ўзгариши бугун инсоният олдида турган энг жиддий муаммолардан бири сифатида халқаро муносабатларнинг муҳим сиёсий, иқтисодий ва демографик омилига ҳам айланмоқда. Эндиликда глобал исиш, сув ресурслари камайиши, чўлланиш, озиқ-овқат хавфсизлиги ва экологик мувозанат бузилиши фақат атроф-муҳит муҳофазаси эмас, балки давлатларнинг миллий хавфсизлиги, иқтисодий рақобатбардошлиги ва узоқ муддатли тараққиёт стратегияси билан узвий боғлиқ ҳолда кўрилмоқда. Шу жиҳатдан иқлим дипломатияси замонавий ташқи сиёсатнинг стратегик йўналишига айланиб, давлатлар ўртасида янги ҳамкорлик механизмини шакллантирмоқда.
Айни жараёнда Ўзбекистоннинг халқаро экологик ташаббуслари ва кўп томонлама иқлим дипломатиясидаги фаоллиги алоҳида аҳамият касб этади. Мамлакатимиз иқлим ўзгаришига қарши курашиш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, Орол бўйи минтақаси экология тизимини тиклаш, “яшил” энергетика ва “яшил” иқтисодиётга ўтиш масалаларини изчил равишда халқаро кун тартибига олиб чиқмоқда.
Хусусан, Aнталия шаҳрида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Иқлим ўзгариши бўйича Ҳадли конвенцияси томонлари конференцияси навбатдаги сессияси – COP31 тадбирида Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳам иштирок этди.
Мазкур ташриф республикамизнинг иқлим дипломатияси, халқаро экология ҳамкорлиги ва барқарор ривожланиш борасидаги устувор мақсадларини илгари суриш учун муҳим сиёсий майдон вазифасини ўтади. Aйниқса, иқлим ўзгариши салбий оқибатини бевосита бошдан кечираётган Марказий Осиё манфаатини дунё ҳамжамиятига етказиш, янги молиявий ва технологик ҳамкорлик имкониятини кенгайтириш нуқтаи назаридан ушбу анжуман алоҳида аҳамиятга эга.
Маълумот ўрнида айтиш керак, БМТ Иқлим ўзгариши бўйича Ҳадли конвенцияси 1992 йил қабул қилинган бўлиб, халқаро иқлим сиёсатининг асосий ҳуқуқий пойдеворидир. Конвенция доирасида ўтказиладиган Томонлар конференциялари глобал иқлим таҳдидига қарши курашиш, буғ гази ташламасини камайтириш, экологик мослашув чорасини кучайтириш ва ривожланаётган мамлакатларни молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича умумий қарорлар қабул қилиш учун муҳим халқаро механизмдир.
– Жорий йил 9-20 ноябрь кунлари Туркиянинг Aнталия шаҳрида бўлиб ўтаётган COP31 конференцияси ҳам шу жараённинг навбатдаги муҳим босқичидир, – дейди Тошкент давлат шарқшунослик университети доценти Адҳамжон Мамажонов. – “Барқарор, иқлим хатарига чидамли ва адолатли келажак сари интилиш” мавзусидаги ушбу тадбирда Париж битими доирасида қабул қилинган мажбуриятни амалиётга татбиқ этиш, “тоза” энергияга ўтишни жадаллаштириш, яшил саноатни ривожлантириш, озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш, иқлимга мослашув ва экологик лойиҳаларни молиялаштириш масалалари муҳокама қилинмоқда.
Конференциянинг ўзига хос жиҳати халқаро бошқарув моделида намоён бўлган. Туркия мезбон сифатида COP31 раислигини амалга оширяпти. Aвстралия эса музокара жараёнига раҳбарлик қиляпти. Бундай механизм давлатлар ўртасида масъулият ва дипломатик ваколатни тақсимлаш орқали иқлим бўйича кўп томонлама келишувга эришишни жадаллаштиришга қаратилган.
Яна бир устувор вазифа илгари қабул қилинган халқаро мажбуриятни аниқ, ўлчамли ва молиявий жиҳатдан таъминланган амалий натижага айлантиришдир. Шу боис муҳим муҳокамалар тоза энергетика, яшил саноатлаштириш, мослашувчан шаҳарлар, экология хавфига чидамли инфратузилма ҳамда иқлим молияси масалаларини қамраб олган.
А.Мамажоновнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон учун ушбу кун тартиби миллий тараққиёт стратегияси билан бевосита боғлиқ. Зеро, мамлакатимиз иқтисодий модернизация жараёнида энергетика тизимини янгилаш, саноатда энергия самарадорлигини ошириш, ресурс тежаш ва экология барқарорлигини таъминлашга устувор аҳамият қаратмоқда.
Қайд этиш жоиз, республикамиз БМТ Иқлим ўзгариши бўйича Ҳадли конвенциясига 1993 йил қўшилган, 2018 йил эса Париж битими иштирокчисига айланган. Мазкур ҳуқуқий асос мамлакатимизнинг глобал иқлим сиёсатидаги иштирокини мустаҳкамлаб, миллий ривожланиш дастурига экологик барқарорлик тамойилини изчил жорий этиш имконини берган.
Ўзбекистоннинг глобал иқлим дипломатиясидаги устувор йўналишларидан бири Орол денгизи фожиаси оқибатини юмшатиш, сув ресурсидан оқилона фойдаланишдир. Дарҳақиқат, денгиз қуриши инсоният тарихидаги энг йирик экологик фожиалардан бири сифатида нафақат юртимиз, балки бутун Марказий Осиё ижтимоий-иқтисодий ривожига жиддий тўсиқ бўляпти. Денгизнинг қуриган тубида Орол қум чўли вужудга келиши, туз ва чанг бўрони кучайиши, ер шўрланиши, сув танқислиги ва чўлланиш жараёни ҳудуд аҳолиси саломатлиги, бандлиги ва турмуш шароитига бевосита салбий таъсир қилмоқда.
Шу нуқтаи назардан Aнталия иқлим саммити биз учун сув тежовчи технология, экология мониторинги, чўлланишга қарши курашиш ва Орол бўйи ҳудудини барқарор ривожлантириш бўйича халқаро шерикликни кучайтиришга йўл очади.
Шавкат Мирзиёевнинг Aнталия саммитидаги иштироки мамлакатимиз томонидан илгари сурилаётган экологик дипломатия ташаббусларининг изчил давомидир. Aнталияга бу галги ташрифни бир неча стратегик йўналишда баҳолаш мумкин.
Бу ташриф Ўзбекистоннинг глобал экологик бошқарув жараёнидаги сиёсий иштирокини мустаҳкамлайди. COP31 каби йирик халқаро майдонларда давлат раҳбарлари даражасида қатнашиш миллий экологик устуворликни дунё ҳамжамиятига етказиш, янги ҳамкорлик ташаббусларини илгари суриш ва халқаро молиявий институтлар билан бевосита мулоқотни мустаҳкамлаш имконини беради. Шунингдек, Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги кўп қиррали муносабатнинг экологик ва технологик таркибий қисмини ривожлантириш учун қулай шароит яратади. Бинобарин, бугунги кунда ушбу қардош давлат қайта тикланувчи энергетика, саноат модернизацияси, чиқиндини қайта ишлаш, сув ресурсини бошқариш ва барқарор шаҳарсозлик соҳаларида халқаро ташаббусларини кенгайтирмоқда.
Бир сўз билан айтганда Президентнинг Туркия Республикасига амалий ташрифи ва Aнталия шаҳридаги COP31 глобал иқлим саммитида иштирок этиши мамлакатимизнинг БМТ доирасида илгари сураётган экологик ташаббусларини давом эттириш, Орол бўйи муаммосига халқаро эътиборни кучайтириш, сув ва энергетика хавфсизлиги, яшил иқтисодиёт ҳамда иқлимга мослашув масалаларида янги ҳамкорлик имкониятини шакллантириш учун муҳим платформа яратади.
Гўзал Сатторова,
ЎзА