Aнқара саммити: ТДТ ва Ўзбекистон учун янги босқич
Аввал хабар берилганидек, Анқара шаҳрида Туркий давлатлар ташкилотининг “Турк асри: тилда, фикрда ва ишда бирлик” мавзусидаги навбатдаги саммити бўлиб ўтади. Мазкур йирик тадбирда давлатимиз раҳбари ҳам иштирок этади.
Саммит халқаро сиёсий жараён, минтақавий ҳамкорлик ва туркий давлатлар ўртасидаги муносабатнинг келгуси ривожи нуқтаи назаридан жуда муҳим. Бугунги геосиёсий вазиятда бундай учрашувлар нафақат давлатлар ўртасидаги сиёсий мулоқотни мустаҳкамлаш, балки иқтисодий ва стратегик манфаатларни мувофиқлаштириш учун ҳам қулай майдон ҳисобланади.
Анжуманнинг аҳамияти, минтақавий ва халқаро жараёнга таъсири ҳамда республикамиз ташқи сиёсатидаги ўрни ҳақида Тошкент давлат шарқшунослик университети ҳузуридаги Шарқ мамлакатлари ривожланишини тадқиқ этиш илмий таҳлил маркази директори Адҳамжон Мамажонов фикр юритади.

- Бугунги тез ўзгарувчан ва мураккаб шароитли халқаро муносабатлар тизими давлатлар маълум бир иттифоқ, ташкилот ва интеграцияга бирлашиш орқали турли хавфларга қарши туришини тақозо этмоқда. Шу нуқтаи назардан ТДТ ҳам ўз доирасида туркий мамлакатларни бирлаштирмоқда. Бунинг натижаси ўлароқ, туркий дунё бугун ўз тараққиётининг муҳим тарихий босқичига қадам қўймоқда. Aсрлар давомида умумий тарих, тил, маданият ва маънавий қадриятлар билан боғланган халқлар ўртасидаги яқинлик замонавий халқаро муносабатлар тизимида янгича сиёсий, иқтисодий ва институционал мазмун касб этмоқда. Бу жараёнда ТДТ қардош мамлакатлар дўстлиги ва бирдамлигини мустаҳкамлаш, умумий иқтисодий салоҳиятни юзага чиқариш, транспорт-логистика боғлиқлигини кучайтириш, инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда илм-фан ва инновация соҳасида янги имкониятлар очишга хизмат қилаётган муҳим майдонга айланмоқда.
Aйни пайт Aнқара шаҳрида бўлиб ўтадиган Туркий давлатлар ташкилоти XIII саммити ҳам алоҳида аҳамият касб этади.
Ўзбекистон учун анжуманнинг аҳамияти янада муҳим. Сабаби – мамлакатимиз ТДТ доирасида сиёсий мулоқотни кенгайтириш, иқтисодий интеграцияни чуқурлаштириш, саноат кооперациясини ривожлантириш, янги транспорт йўлакларини шакллантириш, рақамли трансформация ва илмий-маърифий ҳамкорликни кучайтиришга қаратилган қатор ташаббусларни илгари суриб келмоқда. Шу жиҳатдан саммит Ўзбекистон илгари сурган ғояларни амалий механизм ва халқаро лойиҳаларга айлантириш жараёнидаги муҳим босқич бўлиши кутиляпти.
Маълумки, денгизга бевосита чиқиш имкони бўлмаган давлат сифатида юртимиз ташқи савдо йўналишларини диверсификация қилишга интилмоқда. Шу жиҳатдан Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбайжон ва Туркия билан транспорт-коммуникация ҳамкорлиги миллий иқтисодий хавфсизликнинг муҳим таркибий қисмидир. Aйниқса, Транскаспий халқаро транспорт йўналиши, яъни “Ўрта йўлак” Европа бозорига чиқишимиз учун стратегик аҳамиятга эга.
Президентимизнинг 2025 йилги Габала саммитидаги нутқида ушбу йўлакни Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўли ҳамда истиқболдаги Трансафғон транспорт йўлаги билан боғлаш орқали кенг минтақада кўп тармоқли транспорт тизимини шакллантириш мумкинлиги таъкидлангани бежиз эмас эди.
Ўзбекистон томонидан “Рақамли туркий йўлак” концепциясини ишлаб чиқиш ташаббуси ҳам илгари сурилган. Мазкур ғоя транспорт-логистика тармоқлари билан бир қаторда юқори тезликдаги алоқа каналлари, маълумот марказлари ва рақамли инфратузилмани ўзаро боғлашга қаратилган.
Дарҳақиқат, туркий давлатлар ҳамкорлигининг узоқ муддатли барқарорлиги кўп жиҳатдан этник бирлик, тарихий муштараклик, илм-фан, таълим ва маданий яқинликни ривожлантиришга боғлиқ. ТДТ доирасида ТуркСОЙ маданият пойтахтлари, фестиваллар ва ижодий алмашинувни ривожлантирмоқда, ТуркПA таълим ҳамда маданий меросга оид қонунчилик тажрибасини уйғунлаштиради. Туркий академия қўшма тарихий тадқиқот ва дарсликлар устида ишлаяпти. Туркий маданият ва мерос жамғармаси обидаларни асрайди. ТуркУНИБнинг “Ўрхун” дастури эса талабалар ва олимлар алмашинувини кенгайтиради.
Ўзбекистон айни йўналишларда ҳам муҳим ташаббусларни илгари сурмоқда. Хусусан, 2025-2026 йиллари мамлакатимиз 100 дан зиёд олий таълим муассасасини бирлаштирган Туркий университетлар иттифоқига раислик қилмоқда. Диёримизда Туркий давлатлар халқаро университети фаолият бошлаши ҳам туркий дунё доирасида қўшма кадрлар тайёрлаш, илмий тадқиқот олиб бориш ва академик алмашинувни ривожлантириш учун янги имконият яратади.
Мазкур жараёнда Тошкент давлат шарқшунослик университети, Туркий давлатлар халқаро университети ҳамда бошқа олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари туркий дунё тарихий мероси, халқаро муносабат, сиёсий жараён, иқтисодий дипломатия ва маданий алоқаларни чуқур ўрганиш йўлида муҳим илмий платформага айланиши шубҳасиз.
Саммит ТДТнинг янги сиёсий ва институционал босқичини белгилаши кутиляпти. Ташкилот котибияти “Туркий аср: тилда, фикрда ва ишда бирлик” мавзусида ўтказилишини маълум қилган бу галги тадбирда сиёсий ҳамкорлик, савдо ва инвестиция, транспорт, энергетика, рақамли трансформация, маданий-гуманитар алоқалар ҳамда институционал ривожланиш масалалари асосий кун тартибини ташкил этади.
Бундан ташқари янги Бош котиб тайинлаш ҳамда келгуси устувор йўналишларни белгилаш ҳам кутилмоқда.
Сентябрь ойида тузилманинг 2027-2031 йилларга мўлжалланган янги стратегияси юзасидан ҳам фикр алмашилган. Демак, Aнқара саммити шунчаки навбатдаги учрашув эмас, балки ТДТнинг ўрта муддатли ривожланиш йўналишлари ва институционал самарадорлигини белгиловчи муҳим сиёсий воқеа сифатида намоён бўлмоқда.
Мамлакатимизнинг ТДТга ёндашуви аввало сиёсий ишончни мустаҳкамлаш, иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, халқаро транспорт йўлакларидан самарали фойдаланиш ҳамда илм-фан ва технология тараққиёти учун янги имкониятлар яратишга қаратилган.
Ўзбекистон учун анжуманнинг стратегик аҳамияти илгари сурилган ташаббусларни аниқ иқтисодий лойиҳаларга, транспорт имкониятини янги савдо йўлакларига, рақамли ривожланиш ғояларини замонавий инфратузилмага, маданий яқинликни эса илмий ва интеллектуал ҳамкорликка айлантириш истиқболи билан белгиланади.
Умуман, Туркий давлатлар ташкилоти бугунги халқаро муносабатлар тизимида тарихий ва маданий яқинликни замонавий сиёсий ҳамкорлик, иқтисодий интеграция, транспорт боғлиқлиги, инвестиция, рақамли технология ва илмий-маърифий шериклик билан уйғунлаштираётган муҳим халқаро тузилма сифатида намоён бўлмоқда.
Гўзал Сатторова, ЎзА