Тошкентда ўтказилаётган халқаро инвестиция форумида дунёнинг турли мамлакатларидан ташриф буюрган мутахассислар, ишбилармон доира вакиллари ва экспертлар фаол иштирок этяпти.
Улар орасида Россия Федерациясидан келган “Герань ва ҳамкорлар” консалтинг компаниясининг бошқарувчи ҳамкори Анна Свердлова ҳам бор.
Мазкур компания ташқи коммуникациялар, корпоратив имиджни шакллантириш ҳамда маҳаллий бизнесларни халқаро бозорга олиб чиқиш йўналишларида маслаҳат хизматларини кўрсатиб келмоқда.
Анна Свердлова форум доирасида ЎзА мухбирига берган интервьюсида қуйидагиларни қайд этди:
– Биз компанияларга ташқи алоқаларни йўлга қўйиш, брендни шакллантириш ва уларни халқаро майдонда илгари суриш бўйича кўмак берамиз.
Очиғини айтиш керакки, бу форумдаги иштирокимдан жуда мамнунман. Ташкилотчилик даражаси юқори, тадбирлар мазмунли ва долзарб, иштирокчилар эса нуфузли ва фаол. Бу ерда муҳокама қилинган лойиҳалар ва мавзулар халқаро ҳамкорликни кенгайтириш учун катта аҳамиятга эга.
Мен Тошкентга илгари ҳам келганман. Бу сафарги ташрифим бир ярим йиллик танаффусдан сўнг амалга ошди. Шуни мамнуният билан таъкидлашим мумкинки, бу давр мобайнида шаҳарда кўплаб ижобий ўзгаришлар юз берган. Айниқса, молия сектори ва инвестиция соҳаларидаги ўсиш кўзга ташланади. Хорижий инвестицияларни жалб қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ва қурилиш соҳасидаги фаолият бу ердаги тараққиёт динамикасини яққол кўрсатиб турибди.
Мен Ўзбекистонга, форум ташкилотчиларига ва барча иштирокчиларга келгусида янада катта муваффақиятлар, янги ютуқлар ва жадал ривожланиш тилайман. Бундай тадбирлар халқаро тажриба алмашиш ва янги ҳамкорлик йўлларини аниқлаш учун муҳим майдон вазифасини ўтайди.
Бу гал ҳам Польша, Россия ва бошқа давлатлардан келган мутахассислар билан фойдали мулоқотлар олиб бордик, тажриба алмашдик. Форумнинг ҳар бир куни янги имкониятлар эшигини очяпти. Биз учун бу жаҳон миқёсидаги қимматли тажриба бўлди.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА