Ангиллоҳ ва Тандирғор саргузаштлари (+сурат)
Саёҳат манзиллари
Маҳобатли тоғлар бағридаги ғорлар ҳамиша ҳикматларга бой. Боиси ушбу жойлар қадимда аждодларимизга бошпана бўлган. Улар шу ерларда жон сақлаган, умргузаронлик қилган.
Яқинда ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилояти Китоб туманига қарашли Оёқчи қишлоғидаги тоғ бағрида “Ангиллоҳ” номи билан аталган қадимий манзил борлиги ҳақида хабар тарқалди. Бундай сирли манзилларга қизиқишимиз сабаб эрта тонгдан фотомухбир билан манзил сари йўл олдик.
Айтиш жоизки, Оёқчи Китоб туманининг чекка ва олис қишлоқларидан бири саналади. Баланд тоғлар бағридан оқиб келувчи Оёқчисой дарёсининг икки қирғоғи бўйлаб жойлашган ушбу манзил инсониятнинг қадимий манзилларидан бўлса ажабмас. Маълумотларда келтирилган ғорни излар эканмиз шу қишлоқлик дўстимиз Жасур Қувватов ва қишлоқ фахрийларидан Абдураим Раҳимов бизга ҳамроҳлик қилди.
Жазирама кунларнинг қайноқ тафти тоғларга ҳам етиб келган. Иссиқ ҳарорат йўл-йўлакай одамни толиқтиради. Ҳамроҳларимиз билан биргаликда “Ангиллоҳ” деб аталган сойликкача машинада бордик. Бу ёғи баланд тоғ ва пиёда ҳаракатланиш зарур. Ғор шундоққина тепамизда турарди. Ушбу ғор яқинимизда тургандек кўринсада, борган сайин биздан узоқлашаверади. Лекин масофа у қадар узоқ эмас экан қисқа фурсатда чиқиб бордик. Ғор қўл кучи билан қурилгандек тасаввур қолдиради кишида. Тахминан 60-70 квадрат майдон. Кунгай тарафда жойлашган ва ғор оғзи катта очиқ бўлсада, ичкари салқин ва ҳузурбахш.
Маҳаллий ҳамроҳларимиз ушбу жойнинг қадимий манзиллардан бири эканлигига шаъма қиларкан, ғор ҳақидаги авлоддан-авлодга ўтиб келаётган маълумотларни ҳикоя қилди.
– Болалигим шу ғор атрофида қўй боқиш билан ўтган, – дейди шу қишлоқлик Абдураим Раҳимов. – Ғорда ўйнардик. Бу ерни олимлар текшириб ибтидоий одамларнинг жимжилоқ суягини топишгач, тарихий манзил эканлигини билганмиз. “Ангиллоҳ” дейилишининг сабаби оғзингизни очиб “А-А-А” деганингизда унинг шакли худди мана шундай ҳолатда кўринади. Бу ғор ҳам узоқдан худди шундай оғзини очиб турган одамга ўхшайди. Шунинг учун одамлар бу ғорни шундай аташган. Унинг ёнидаги сойни Ангиллоҳ сойи деб номлашган. Тоғликлар ҳар бир сойликни ва тоғларни ўз тилида номлаб олган яъни манзилни аниқ кўрсатиш учун. Тоғларимизда бу каби ғорлар ва тарихий манзиллар кўп.
Ғор ҳақида ҳикоя қила туриб, Абдураим ака унга яқин жойлашган Қанжиғали қишлоғи ҳақида ҳам баъзи маълумотларни улашди. Эмишки, қадим замонларда Қанжиғали қишлоғига икки ака-ука чорвадорлар асос солган. Шу ерга қўйларини ўтлатиш учун келган. Бора-бора бу жойларни ватан қилишган. Шу йўсинда пастки Қанжиғали ва юқори Қанжиғали қишлоқлари ҳосил бўлган. Қанжиғали сўзининг маъноси эса маълумотларга кўра, аслида қон жиғали деганидир. Яъни “жиға” бу камон ўқдони. Елкасига осиб юрган ўқдон доим қон бўлиб юргани боис қонжиғали, кейинчалик қанжиғали тартибида айтиб кетилган.
[gallery-18491]
Ғорда ўтириб бироз дам олдик. Хаёлан бу масканда тарихнинг қайси бир даврларида яшаган инсонлар ҳақида ўйладик. Ғорга эрта тонгдан то кун ботгунга қадар қуёш тегиб туради. Ҳам ундан ён атрофдаги кенгликлар узоқ масофагача яққол кўринади. Бирор хавф яқинлашаётганини осон пайқаш мумкин. Атрофи эса серўт сойликлар. Албатта яшаш учун қулай. Ушбу ғор ҳақида бирорта илмий маълумотларни топа олмадик, лекин инсониятнинг қадимий манзилларидан бири эканлигига ишониш мумкин.
Гап орасида Абдураим ака бундан юқорида яна битта сирларга бой, маҳаллий аҳоли тилида “Тандирғор” деб аталувчи ғор ҳам борлигини айтиб қолди. У ерга ҳам боришга қарор қилдик ва юқорига қараб ўрмаладик.
Тандирғорга бориш осон бўлмади. Боиси ғорга олиб борувчи айнан битта йўл йўқ. Омонатдек турган харсанг тошларни оралаб тик қоя томон чиқиб борардик. Бу ёғи қуёш ҳарорати тобора ортиб бормоқда. Офтобдан қизий бошлаган тошлар тафти бизни қизитади. Дов-дарахтлар йўқлиги сабаб бирорта соя жойни топишнинг имкони йўқ. Осмон узра тепамизда қирғийлар сас бериб, қанот ёзиб нотинч учади. Гўё бизнинг ташрифимиз уларга маъқул келмагандек. Бироз ўтириб дам оламиз, лекин ҳамроҳлар секин бўлсада ҳаракатланишга ундайди.
Ниҳоят ғорга етиб бордик, ғор ичкарисидан келаётган кишига ҳузур берувчи салқин шабада юзимизга урди. Ғор деворлари қорайиб кетган. Афтидан у ерда узоқ йиллар олов ёқилган. Ғорнинг қоронғу жойигача тахминан 15 метрлар масофа бор. У ёғига тик турган ҳолда юришнинг имкони йўқ. Эмаклаб юрган ҳолда яна шунда масофани босиб ўтиш мумкин. Кейин ғор йўлаги янада тораяди. Телефон чироқлари ёрдамида ғор ичкарисига қараб ҳаракатланар эканмиз Жайра ниналарини учратамиз. Ҳамроҳларимизнинг айтишича, бундай тубликларни гоҳида жайралар ошён қилишади. Бу маълумотни эшитгач хавотиримиз ошди ва шу ерда ғор ичкарисига қараб юришни тўхтатдик.
– “Тандирғор” узоқдан кичкинагина тандирга ўхшаб кўрингани учун шундай аталади, – дейди А.Рахимов. – Лекин ичига кирсангиз албатта буни тандирғор эканлигига ўзингиз ҳам ишонч ҳосил қиласиз. Қадимда яшаган инсонларнинг нон ёпиб олган жойларининг излари яққол кўриниб турибди. Эмаклаб 15-20 метр ичкарига киргач, бир одам кетадиган туйнук чиқади ва унинг ортида беш-олти киши тик турса жойлашадиган саҳна бор. У ерда эса тарвуз катталигида учта тешик бор. Ўша жойгача ёшлигимда борганман. Ҳозирги кунда тоғда юрган қўй эчкилар салқинлаш учунгина киради бу ерга.
Ҳақиқатда ғор деворларида оқариб қолган айлана нон ёпилган жойлар излари бор. Ажабмаски, қадимда бу ҳудудларда яшаган чўпонлар аввал ўтин ёқиб ғорни қизитиб, деворларига нон ёпган бўлиши мумкин. Фикр алмашиб ғор оғзида дам олиб турар эканмиз беш-олти бош эчкилар ғорга кириб келди. Кутилмаган “меҳмон”лар бизни кўргач яна ортига қайтиб, кетишимизни кутишга қарор қилди.
Ортга қайтарканмиз машаққатли йўл ва қийинчиликлар унут бўлди. Ангиллоҳ ва Тандирғорда олган таассуротларимиз барчасини қоплаб кетди. Айтиш жоизки, ўлкамизнинг бу каби сир-синоатларга бой гўшалари бисёр ва улар тарихнинг не-не воқеаларини ҳикоя қилади бизга.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/yTg92RdqHh8?si=K-tuJ2m8RqRL90oq" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Ўлмас Баротов,
Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари