Андижон вилоятида кейинги йилларда турар-жой массивларининг кенгайиши муносабати билан кўплаб янги кўчалар барпо этилди. Эски кўчалар ҳам таъмирланди, кенгайтирилиб, бутунлай ўзгачача қиёфа касб этди.
Бугунги кунда вилоятда 6 мингдан зиёд кўча мавжуд бўлиб, уларнинг 600 тадан зиёдига ном берилмаган экан. Бу ҳақида Кадастр агентлиги ҳамда Давлат кадастрлари палатаси томонидан тузилган ишчи гуруҳи вакиллари, вилоят, туман, шаҳар ҳокимликларининг тегишли мутасаддилари иштирокида ўтказилган семинарда маълумот берилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикасининг “Географик объектларнинг номлари тўғрисида” ги қонунида белгиланган вазифалар ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 14 декабрдаги “Кўчмас мулк объектлари манзиллари ягона реестрини шакллантириш ва юритиш тартиби тўғрисидаги низомини тасдиқлаш ҳақида” ги қарори ижроси доирасида вилоятдаги мавжуд 6 мингдан ортиқ кўчанинг 649 тасига ном берилмаганлиги, шунингдек, туман ва шаҳарлардаги маҳалла кўчаларида ўхшаш, такрорланаётган номлар кўп эканлиги танқид қилинди. Бу борадаги ишларни тартибга солиш зарурлиги таъкидланди.
[gallery-7365]
Семинарда мутахассислар, иштирокчилар томонидан кўчалар ва бошқа объектларни номлаш, мазкур йўналишдаги ишларни тартибга солиш, самарадорлигини ошириш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди. Ҳозирга қадар ном берилмаган кўчаларга ном бериш, бериладиган номларни тегишли тартибда экспертизага юбориш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берилди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА