Андижонда туризм янада ривожланади
Андижон вилоятида туризмни ривожлантириш бўйича зарур ишлар олиб борилмоқда. Туристик масканларни ободонлаштириш ҳамда янги йўналишларни ташкил этиш, ҳудудга келаётган хорижий ва маҳаллий сайёҳлар сонини оширишда муҳим вазифалар белгилаб олинган.
– Бугунги кунда вилоятда 167 та туристик ташкилот фаолият юритмоқда, – дейди Андижон вилояти ҳокимининг туризм, маданият, маданий мерос ва оммавий коммуникациялар масалалари бўйича ўринбосари Давронбек Сатторов. – Танлаб олинган объектлар бўйича туристик йўналишлар ишлаб чиқилган. Сайёҳларга 45 та тур пакетлар таклиф этилмоқда. Шунингдек, вилоятда бир вақтнинг ўзида 3 минг 500 нафар сайёҳни қабул қилиш имкониятига эга 22 та меҳмонхона, 105 та оилавий меҳмон уй ва 27 та хостел фаолият кўрсатмоқда.

Туризмни ривожлантириш борасидаги ишлар самараси ўлароқ, 2024 йил давомида вилоятга 499 минг нафар хорижий, 1 миллион 650 минг нафардан зиёд маҳаллий сайёҳлар ташриф буюрди.
Туризм объектлари инфратузилмасини ривожлантириш, туристларга қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида вилоятдаги энг кўп сайёҳлар ташриф буюрадиган тарихий ва диққатга сазовор масканлар тўлиқ хатловдан ўтказилиб, 79 та объект ажратиб олинди. Уларнинг аксариятида, хусусан, Жалақудуқ туманидаги “Қутайба ибн Муслим”, Избоскан туманидаги “Яккатут азизлари” зиёратгоҳи ва Андижон туманидаги “Солиҳ ҳожи” масжиди, Асака туманидаги “Муҳаммад Сиддиқ эшон”, Андижон шаҳридаги “Юнус ҳожи” масжиди, “Арк ичи” ёдгорлик мажмуасида таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

Туризмни ривожлантириш, мазкур соҳасидаги имкониятларни тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, ўтган йили Германиянинг Берлин шаҳрида ўтказилган ITB-Berlin, Япониянинг Токио шаҳрида бўлиб ўтган “Tokio expo Japan 2024” халқаро туризм ярмаркаларида, шунингдек, Қирғиз Республикасида бўлиб ўтган “Салом Ўш 2024” халқаро туризм ярмаркасида Андижон вилоятининг туризм салоҳияти кенг тарғиб этилди. Бундан ташқари, ўтган йилнинг ноябрь ойида Тошкент шаҳрида ўтказилган “Тошкент халқаро туризм ярмаркаси” доирасида ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича турли туристик компаниялар билан 70 дан ортиқ шартномалар имзоланди.

Сайёҳлар сонини, уларнинг вилоятда қолиш вақтларини ошириш ва объектларни тўлиқ ишлатиш мақсадида “Андижон вилоятининг туризм ҳалқаси” ва “Андижон вилоятининг туризм магистрали” деб номланувчи туризм маршрутлари ишлаб чиқилди. Бу сайёҳларга ўзларининг вақти ва қизиқишига кўра, туристик маршрут йўналишини танлаш имконини берди. Қолаверса, ушбу амалиёт жорий этилиши билан вилоятга ташриф буюрувчи сайёҳлар оқими қарийб 35 фоизга ошди, уларнинг вилоятда қолиш муддати эса 1,5 кундан 3 кунгача узайди.

Айниқса, Хонобод шаҳрида 2024 йилнинг 29-31 июль кунлари бўлиб ўтган “Дунё садолари” халқаро миллий эстрада санъати фестивали, октябрь ойида Андижон шаҳрида футзал бўйича жаҳон чемпионати гуруҳ босқичи ўйинлари ўтказилганлиги хорижий сайёҳлар ташрифини кескин оширди. Хонободда маҳаллий ва хорижий сайёҳлар сони 2 миллион нафарга етди. Футзал бўйича жаҳон чемпионати гуруҳ босқичи ҳамда 1/8 финал ўйинларини кўриш учун Испания, Қозоғистон, Янги Зеландия, Ливия, Украина, Афғонистон ва бошқа қатор давлатлардан 16 минг нафардан ортиқ хорижий сайёҳлар ташриф буюрди.

Хўжаобод тумани Тошота маҳалласидаги “Имом ота” зиёратгоҳи ландшафт дизайни асосида тартибга келтирилиб, ташриф буюрувчи сайёҳлар учун қулай шарт-шароитлар яратилди, мазкур ҳудуд туризм қишлоғига айлантирилди. Айниқса, ҳудуддаги икки тоғ қояси ўртасига қурилган осма сим йўли сайёҳларда катта қизиқиш уйғотди.

Бундан ташқари, Хитой тажрибаси асосида Булоқбоши туманидаги Ширмонбулоқ маҳалласини “Туризм маҳалласи”га айлантириш бўйича йўл харитаси ишлаб чиқилди. Унга кўра мазкур маҳаллада 20 та капсула, 20 та оилавий меҳмон уйи, 5 та йирик хизмат кўрсатиш шохобчаси, замонавий осма сим йўли ва “zipline” хизмат турларини ташкил этиш режалаштирилди.

Шунингдек, вилоятда гастрономик, тиббиёт, таълим туризми ҳам тобора ривожланиб бормоқда. Жумладан, гастрономик туризм йўналишида ўтган йили вилоят марказида Хитой ресторани очилди, денгиз маҳсулотлари бозори ташкил этилди. Бундан ташқари, Андижон шаҳрида турк, рус, корейс, уйғур таомлари ресторанлари ишлаб турибди.

Таълим туризми йўналишида эса ҳозирда Андижондаги олий ўқув юртларида 800 нафардан зиёд хорижлик, асосан, Ҳиндистон, Покистон, Бангладеш, Қозоғистон, Жанубий Корея, Россия ва қирғизистонлик талабалар таҳсил олмоқда.
Жорий йилда хорижлик талабалар сонини 2 минг нафарга етказиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, Андижон ва Ҳиндистондаги олий ўқув юртлари ўртасида ҳамкорлик, таълим туризмини йўлга қўйиш бўйича меморандумлар имзолаган. Ана шу ҳамкорлик доирасида Деҳли шаҳрида Андижон давлат тиббиёт институтининг 2 та ваколатхонаси очилган. Ушбу ваколатхоналар томонидан ҳиндистонлик ёшларни Андижонда ўқишга жалб этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Тиббиёт туризми йўналишида ўтган йили вилоятга 30 минг нафарга яқин чет эл фуқароси асосан Қирғизистон Республикаси фуқаролари даволаниш учун ташриф буюрди. Вилоятда тиббиёт хизматларининг нархлари қўшни давлатларга нисбатан арзонлиги, хизмат сифати юқорилиги ҳамда айрим тиббиёт хизматлари бўйича етакчилиги туфайли тиббиёт туризмининг улуши йилдан-йилга ортиб бормоқда.
Президентимиз ташаббуси билан кейинги йилларда Хонобод шаҳрини Фарғона водийсининг туризм марказига айлантириш бўйича катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилди.
Денгиз сатҳидан 850 метр баландликда жойлашган, “Ўзбекистон Швейцарияси” деб ном олган Хонобод шаҳри мусаффо ҳавоси, гўзал ва хушманзара табиати билан ажралиб туради.
Хонободда кейинги йилларда “Хонобод” сиҳатгоҳи қурилиб, фойдаланишга топширилди, кўплаб меҳмон-уйлар барпо этилди. “Хонтоғ” дам олиш маскани, “Фозилмон ота” зиёратгоҳида сайёҳ ва зиёратчиларнинг кўнгилли ҳордиқ чиқаришлари учун зарур шарт-шароитлар яратилди.
Бугунги кунда Андижон сув омборига туташ Кампировот маҳалласида “Сунъий кўл”, дам олиш ва кўнгилочар, экотуристик масканлар, шунингдек, оилавий меҳмон уйлари барпо этилмоқда.
2025 йил давомида туризмни ривожлантириш бўйича янги 20 та истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилган. Жорий йилда 3 та меҳмонхона, 9 та оилавий меҳмон уйи, 4 та хостел ва 4 та йирик хизмат кўрсатиш лойиҳалари ташкил этилади. Жумладан, айни пайтда Андижон шаҳрида 450 ўринли 3 та меҳмонхона барпо этиш ишлари олиб борилмоқда.
Фахриддин Убайдуллаев,
Зуҳриддин Умрзоқов (сурат),
ЎзА мухбирлари