Андижонда ривожланишга янги суръат: саноат, инвестиция ва агросоҳада амалий ёндашув
Андижон вилоятида иқтисодий салоҳиятни юксалтириш, аҳоли бандлиги ва даромадларини оширишга қаратилган ишлар изчил давом этмоқда. Шу мақсадда Ўзбекистон фермерлар кенгаши ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси фракцияси аъзоларидан иборат ишчи гуруҳ ҳудудда амалга оширилаётган лойиҳалар билан яқиндан танишди.
Ишчи гуруҳнинг дастлабки манзили Қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти бўлди. Бу ерда фермерлар, тадбиркорлар ва депутатлар иштирокида очиқ мулоқот ташкил этилди. Мулоқотда Ўзбекистон фермерлар кенгаши раиси Актам Хаитов қишлоқ хўжалигини замонавий, илм-фанга асосланган усуллар асосида юритиш масалаларини муҳокама қилди.

Таъкидланганидек, илғор агротехнологияларни жорий этиш орқали пахта ва ғалла етиштиришда юқори ҳосилдорликка эришиш мумкин. Айниқса, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, томчилатиб суғориш тизимини кенг жорий этиш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан бири сифатида қайд этилди. Шунингдек, жойларда “Шинжон” усулида 76 қўшқатор асосида плёнка остига чигит экиш ҳамда ғалла парваришида агротехника тадбирларини ўз вақтида амалга ошириш бўйича амалий таклифлар билдирилди.
Мулоқот давомида Ўзбекистон фермерлари кенгаши Раёсати аъзоларининг барча фермерлар ва деҳқонларга мурожаати ўқиб эшиттирилди. Унда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда ҳар бир фермернинг ҳиссаси муҳим экани, айниқса картошка ва бошқа зарур маҳсулотларни экиш ишларини қисқа муддатда якунлаш орқали қўшимча даромад манбаи яратиш мумкинлиги таъкидланди.
Ишчи гуруҳ аъзолари “Ипак йўли” эркин иқтисодий саноат зонасида жойлашган қатор корхоналар фаолияти билан ҳам танишдилар. Жумладан, “Milana” МЧЖда тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилган бўлиб, юзлаб хотин-қизлар меҳнат қилмоқда. Эътиборлиси, корхона маҳсулотларининг 100 фоизи экспортга йўналтирилган бўлиб, Россия, Болгария ва Руминия каби давлатларга етказиб берилмоқда. Бу эса ҳудуднинг экспорт салоҳиятини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Шунингдек, “M PRINT” МЧЖда картон қадоқлаш маҳсулотлари ишлаб чиқариш замонавий технологиялар асосида ташкил этилган. Корхона буюртма асосида турли хил қадоқлаш воситалари, жумладан, торт қутилари ва брендлашган маҳсулот қадоқларини тайёрламоқда.
Ишчи гуруҳ “Bertus Group” МЧЖда ҳам бўлиб, пенопласт сендвич панеллари ишлаб чиқариш жараёнлари билан танишди. Корхонада дуал таълим тизими йўлга қўйилган бўлиб, бу ёшларга амалиёт орқали касб ўрганиш ва замонавий технологияларни ўзлаштириш имконини бермоқда.
Ташриф давомида замонавий уруғчиликка ихтисослашган “Longping-bereke” корхонаси фаолияти ҳам ўрганилди. Бу ерда илғор технологиялар асосида юқори сифатли уруғлар етиштирилиб, маҳаллий ва халқаро бозор талабларига мос маҳсулотлар тайёрланмоқда. Шу билан бирга, ишчи гуруҳ аъзолари хорижий инвесторлар билан мулоқот қилиб, янги инвестиция лойиҳалари ва ишлаб чиқаришни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди.

Андижон мебель марказига ташриф ҳам мазмунли ўтди. 16 гектар майдонда жойлашган мазкур марказда мингдан ортиқ ҳунарманд фаолият юритмоқда. Бу ерда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан тайёрланган замонавий ва анъанавий мебел маҳсулотлари намойиш этилди. Кўргазмалар орқали маҳсулот сифати, дизайн ва ишлаб чиқариш технологиялари муҳокама қилинди.
Қайд этиш жоизки, Андижон мебель маркази ҳудудда саноат ва ҳунармандлик салоҳиятини ривожлантириш, маҳсулотларни тарғиб қилиш ва янги бозорларга чиқишда муҳим ўрин тутади.
Умуман олганда, Андижон вилоятида амалга оширилаётган ишлар саноат ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида изчил ислоҳотлар амалга оширилаётганини кўрсатади. Инвестицияларни жалб қилиш, янги иш ўринлари яратиш ва замонавий технологияларни жорий этиш орқали ҳудуд иқтисодиётини янада ривожлантириш учун мустаҳкам замин яратилмоқда.
ЎзА