Андижон вилояти халқ таълими бошқармаси томонидан жорий йилнинг 7-13 февраль кунлари «Миллий спорт турлари ва халқ ўйинлари ҳафталиги» деб эълон қилинди. Ўзбек халқ миллий ўйинлари ўзининг узоқ ўтмиши ҳамда аждодлардан авлодларга мерос сифатида ўтиб келаётган маънавий бойлигимиз сифатида миллий қадриятларимиздан ҳисобланади. Ҳар бир халқнинг ўз миллий ўйинлари мавжуд. Улар анъаналар, миллатнинг маданияти ва турмуш тарзига хос хусусиятлар заминида вужудга келган. Халқ ўйинлари маънавий маданиятнинг кўринишларидан бири, қолаверса, халқнинг ахлоқий-эстетик меъёрларини, миллий хусусиятларини, айниқса, ўсиб келаётган ёш авлоднинг феъл-атвори, одатларини, ижтимоий қарашларини ўзида мужассам этади.
– Ўқувчи ёшларни миллий қадриятларга ҳурмат руҳида, маънан ва жисмонан соғлом тарбиялаш олдимизда турган муҳим масалалардан ҳисобланади, – дейди Андижон вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи Азизбек Миркомилов. – Ана шундан келиб чиқиб, вилоятдаги умумтаълим муассасаларида «Миллий спорт турлари ва халқ ўйинлари ҳафталиги» ўтказилмоқда. Мақсадимиз, ана шу йўналишдаги ишлар самарадорлигини ошириш орқали ёшларимизни соғлом, миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялашдир.
[gallery-5675]
Ҳафталик доирасида вилоятдаги умумтаълим мактабларида «Қараптеп» (ланка), «Кўз боғлар», «Ким олади-ё», «Оқ теракми - кўк терак» ва «Арқон тортиш» каби миллий ўйинлардан иборат спорт мусобақалари ўтказилиши, ғолиб ва фаол иштирокчилар муносиб рағбатлантирилиши кўзда тутилган.
Болалар ва ўсмирларнинг ҳар томонлама соғлом, жисмонан бақувват, маънан зукко ва топқир бўлиб улғайишларида ҳар бир миллий ўйиннинг ўз ўрни бор. Бугунги кунда унутилиб бораётган қатор миллий ўйинларни кенг тарғиб этиш шубҳасиз, ёшларимизни соғлом турмуш тарзига амал қилишларига, уларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтиришга, энг асосийси, жисмонан соғлом ва баркамол вояга етишларига ёрдам беради.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (сурат),
ЎзА