Халқ ўйинлари орқали авлодлар боғланди
Бухорода илк бор ўтказилган “Миллий ўйинлар” фестивали халқимизнинг асрлар давомида шаклланган бой маданий меросини намоён этиб, миллий қадриятларга бўлган ҳурмат ва эҳтиромни янада юксалтиришга хизмат қилади.
“Миллий қадриятларга эҳтиром кўрсатишни оиладан бошлаймиз!” шиори остида ўтказилган мазкур фестиваль нафақат турли ўйин ва беллашувлар майдони, балки аждодлардан мерос бўлиб келаётган анъаналарни қайта жонлантириш, ёш авлод қалбида миллий ғурур ва ватанпарварлик туйғуларини шакллантиришга қаратилган катта маънавий ташаббус бўлди.

Бугун замонавий технологиялар, виртуал олам таъсири кучайиб бораётган бир даврда болалар ва ёшларни миллий муҳит, халқона қадриятлар ҳамда соғлом турмуш тарзига яқинлаштириш ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Ана шу жиҳатдан фестиваль миллий ўйинларни ҳаётимизга янада кенг татбиқ этиш йўлидаги муҳим қадам бўлди.
Фестивалнинг очилиш маросимида вилоят ҳокимининг ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Ҳафиза Артикова иштирок этиб, миллий ўйинларнинг ёшлар тарбиясидаги беқиёс аҳамияти ҳақида сўз юритди. У халқ ўйинлари нафақат жисмоний куч ва чаққонликни ошириш, балки инсонда жамоавийлик, ҳамжиҳатлик, ҳурмат, сабр-тоқат ва мардлик каби фазилатларни шакллантиришини таъкидлади.

Дарҳақиқат, миллий ўйинлар халқимизнинг ҳаёт тарзи, орзу-интилишлари ва дунёқарашини ўзида акс эттирувчи ноёб маънавий меросдир. Улар орқали болалар нафақат ҳаракат ва мусобақа маданиятини, балки катталарга ҳурмат, жамоа билан ишлаш ва миллий анъаналарга садоқат туйғуларини ҳам ўрганади.
–Миллий ўйинлар оддий кўнгилочар машғулот эмас, – дейди Омбудсманнинг Бухоро вилоятидаги минтақавий вакили Абира Ҳусейнова. –Уларда халқимизнинг тарихи, тафаккури ва ҳаёт фалсафаси мужассам. Бундай тадбирлар болаларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларни соғлом муҳитда тарбиялаш ва миллий қадриятларга ҳурмат руҳида камол топтиришда муҳим ўрин тутади. Айниқса, бугунги кунда ёш авлодни турли салбий таъсирлардан асраш, уларни реал ҳаётдаги мулоқот, ҳаракат ва ижодга жалб этиш жуда муҳим. Миллий ўйинлар эса ана шу вазифани бажаришда самарали восита бўла олади. Чунки ўйин орқали бола нафақат қувонч ҳис қилади, балки ўз халқининг маданияти ва қадриятларини англайди.
Унинг таъкидлашича, бундай фестивалларнинг мунтазам ўтказилиши оила, маҳалла ва жамият ўртасидаги маънавий боғлиқликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Фестиваль доирасида миллий ўйинларнинг турли йўналишлари бўйича қизиқарли беллашувлар ташкил этилди. Унда иштирокчилар чаққонлик, зеҳн, эпчиллик ва жамоавий ҳаракат талаб этувчи халқ ўйинларида ўз маҳоратларини намойиш этди.
Тадбирдаги жонли муҳит, миллий либослар, қадимий ўйинлар ва халқона анъаналар Бухоронинг бой маданий салоҳиятини яна бир бор намоён қилди.
Бундай фестиваллар нафақат маънавий тарбия воситаси, балки ҳудуднинг туристик жозибадорлигини ошириш, этник туризмни ривожлантириш ва миллий меросни дунёга танитишда ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Бухорода ўтказилган илк “Миллий ўйинлар” фестивали халқ меросини асраш, уни ёш авлодга етказиш ва миллий ўзликни англаш туйғусини кучайтириш йўлидаги эзгу ташаббусдир. Чунки миллатнинг қудрати фақат унинг иқтисодий ёки илмий салоҳияти билан эмас, балки ўз тарихи, маданияти ва қадриятларига бўлган муносабати билан ҳам белгиланади.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА