Андижонда инклюзив таълим муҳитини такомиллаштиришга бағишланган амалий семинар ўтказилди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Андижон шаҳридаги 17-умумтаълим мактабида Ижтимоий инспекция Андижон вилояти бошқармаси ташаббуси билан, вилоят ҳокимлиги, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ҳамкорлигида инклюзив таълимни ривожлантиришга бағишланган амалий семинар ташкил этилди.
Тадбирда мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг сифатли таълим олиши учун тенг имкониятлар яратиш ҳамда инклюзив таълим тизимини такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди.
Маълум бўлишича, ҳозирги кунда Андижон вилоятидаги 225 та умумтаълим мактабида 476 нафар ўқувчи инклюзив таълимга жалб этилган. Ижтимоий инспекция томонидан мазкур таълим муассасаларида тўсиқсиз муҳит яратиш, инфратузилмани ногиронлиги бўлган болалар эҳтиёжларига мослаштириш ҳамда зарур жиҳозлар билан таъминлаш юзасидан мунтазам ўрганишлар олиб борилмоқда.
[gallery-30650]
Семинар амалий шаклда ташкил этилиб, иштирокчилар мактаб ҳудуди ва биноларини кўздан кечирди. Мутахассислар кириш йўлаклари, синф хоналари, санитария-гигиена хоналари ҳамда бошқа инфратузилма объектларини имконияти чекланган болалар учун қулайлаштириш юзасидан тавсиялар берди. Шунингдек, соҳа мутахассислари ўртасида тажриба алмашинуви ташкил этилди
Андижон вилояти ҳокимлиги, Ижтимоий инспекция, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ҳамкорлигида инклюзив таълим муассасаларида замонавий ва тўсиқсиз муҳитни шакллантириш бўйича тизимли ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Зуҳриддин УМУРЗОҚОВ(сурат),ЎзА