Инклюзив таълим: тенг имкониятлар сари
Қори Ниёзий номидаги Тарбия педагогикаси миллий институти ва «Science and Innovation» халқаро илмий журнали ҳамкорлигида «Таълим жараёни иштирокчиларида инклюзив маданиятни ривожлантириш: педагогик шарт-шароитлар ва инновацион технологиялар» мавзусида республика илмий-амалий анжумани бўлиб ўтди.
Анжуманда таълим жараёни иштирокчиларида инклюзив маданиятни шакллантириш, инклюзив таълим муҳитини ривожлантириш ҳамда тенг имкониятларни таъминлашга қаратилган инновацион ёндашувларни жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.
Иштирокчилар инклюзив таълимнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари, соҳадаги долзарб муаммолар, шунингдек илмий-тадқиқот натижаларини амалиётга татбиқ этиш юзасидан маърузалар билан чиқишди.
Жумладан, «Инклюзив таълим муҳитини шакллантириш ва уйда якка тартибда таълим бериш: Ўзбекистон тажрибаси, педагогик шарт-шароитлар ва инновацион стратегиялар», «Таълим жараёни субъектларида инклюзив маданиятни ривожлантиришнинг ижтимоий-педагогик йўналишлари ва механизмлари», «Инклюзив таълим: иштирокни таъминлаш ва қўллаб-қувватлаш даражалари», «Инклюзив таълим муҳитини шакллантиришда оила, маҳалла ва мактаб ҳамкорлиги» мавзуларида фикр алмашилди.
Маърузачилар таъкидлашича, бугунги кунда таълимнинг асосий вазифаси нафақат билим бериш, балки ўқувчиларни шахс сифатида ривожлантириш, уларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини ҳурмат қилиш ҳамда жамиятда фаол иштирок этишига шароит яратишни ҳам ўз ичига олади. Шу боис инклюзив таълим ҳар бир боланинг жисмоний, интеллектуал, ижтимоий-маданий хусусиятларидан қатъи назар, таълим олиш ҳуқуқини таъминлашга қаратилган муҳим ёндашув сифатида намоён бўлмоқда.
Мутахассислар инклюзияни фақат алоҳида таълим эҳтиёжига эга болаларни умумий муҳитга жалб этиш билан изоҳлаб бўлмаслигини таъкидлади. Уларнинг фикрича, ҳақиқий инклюзия ҳар бир инсонни қабул қилиш, унинг қадр-қимматини тан олиш, индивидуал фарқларни ҳурмат қилиш ва ўзаро ҳамкорликка асосланган таълим муҳитини шакллантиришни тақозо этади.
Анжуманда инклюзив маданият таълим муассасасида ҳар бир шахсни қадрлаш, унинг ўзига хослигини ҳурмат қилиш, тенг имкониятларни таъминлаш ва ҳеч кимни таълим жараёнидан четда қолдирмасликка қаратилган қадриятлар, қарашлар ва хулқ-атворлар тизими сифатида талқин қилинди. Қабул қилиш, тенглик ва ҳамкорлик унинг асосий тамойиллари сифатида алоҳида қайд этилди. Шунингдек, ўқувчилар ўртасидаги индивидуал фарқларни муаммо эмас, балки таълим жараёнини бойитувчи омил сифатида қабул қилиш, ҳар бир ўқувчининг эҳтиёжидан келиб чиқиб педагогик ёрдам кўрсатиш муҳимлиги таъкидланди.
[gallery-31360]
Педагогнинг ўрнига ҳам алоҳида эътибор қаратилди: ўқитувчи инклюзив муҳитнинг асосий ташкилотчиси сифатида ўқувчиларнинг индивидуал хусусиятларини ҳисобга олиши, замонавий педагогик методлардан фойдаланиши ва ҳар бир ўқувчининг дарсда фаол иштирокини таъминлаши зарур. Шунингдек, ўқувчиларда тенгдошларини ҳурмат қилиш, тинглаш, ўзаро ёрдам ва ҳамкорлик кўникмаларини шакллантириш, ота-оналар билан мунтазам ишлаш инклюзив таълим муҳитини ривожлантиришнинг муҳим шартлари экани қайд этилди.
Республика илмий-амалий анжумани ўз ишини тўртта шўъбада давом эттирди. Тадбир якунида инклюзив таълим муҳитини такомиллаштириш, таълим жараёни иштирокчиларида инклюзив маданиятни ривожлантириш, илмий-тадқиқот натижаларини амалиётга татбиқ этиш ва илғор тажрибаларни оммалаштириш юзасидан таклифлар билдирилди.
Анжуман соҳа мутахассислари, педагоглар ва тадқиқотчилар ўртасида тажриба алмашиш, илмий-амалий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда инклюзив таълимни ривожлантиришнинг самарали механизмларини муҳокама қилиш учун муҳим мулоқот майдони бўлди.
Камола Юсупова,
Ўктам Ҳайитов (сурат), ЎзА