Андижонда давлат активларини хусусийлаштириш имкониятлари тақдим этилди
Андижон шаҳрида тадбиркорлар ва инвесторлар иштирокида хусусийлаштиришга таклиф этилаётган давлат активларига бағишланган “Road show” тақдимоти бўлиб ўтди.
Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан ташкил этилган тадбирда вилоятда хусусийлаштирилиши белгиланган давлат улушлари, бўш турган кўчмас мулк объектлари ҳамда тадбиркорлик фаолияти учун ажратилиши кўзда тутилган ер участкалари ҳақида маълумот берилди.
Тақдимотда давлат мулкини хусусийлаштириш жараёнларининг очиқлигини таъминлаш, тадбиркорлар ва инвесторларни мавжуд имкониятлар билан таништириш, ҳудудга инвестициялар жалб этиш масалаларига эътибор қаратилди.
Шунингдек, давлат активлари ва қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини сотиб олиш тартиби, бу борада тадбиркорлар учун яратилган қулайликлар ҳамда хусусийлаштириш жараёнларида амалга оширилаётган ишлар хусусида сўз юритилди.
Қайд этилганидек, 2025 йилда вилоятда 99 та давлат активи 732 миллиард сўмга сотилган. Шунингдек, 1 минг 843 та ер участкаси электрон онлайн аукцион орқали реализация қилиниб, бюджетга 110 миллиард сўм тушум таъминланган.
[gallery-32075]
Жорий йилда ҳам вилоятда давлат активларини хусусийлаштириш, бўш турган объектларни иқтисодий айланмага киритиш ва улар негизида янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ишларини давом эттириш режалаштирилган.
Мазкур ташаббуслар давлат мулкидан самарали фойдаланиш, хусусий сектор фаолиятини кенгайтириш, янги иш ўринлари яратиш ҳамда ҳудуднинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга хизмат қилади.
Зуҳриддин УМУРЗОҚОВ (сурат), ЎзА