Тадбиркорлар учун давлат мулки ва ер участкаларини сотиб олишда янги имтиёзлар яратилди
Мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлашга қаратилган кенг кўламли ишларни янада юқори босқичга кўтариш бўйича қабул қилинаётган фармон ва қарорлар юртимиз иқтисодиётини кўтаришга, янги иш ўринлари яратишга, аҳоли бандлигини таъминлашга, даромадини оширишга, халқимиз турмуш фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилмоқда.
Президентимизнинг жорий йил 28 августдаги “Иқтисодиётда давлат улушини қисқартириш ва хусусийлаштириш жараёнларини жадаллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ҳам ана шу йўналишдаги ҳужжатлардан бири бўлди.
– Иқтисодиёт тармоқларида трансформация ва давлат иштирокидаги йирик корхоналарни хусусийлаштириш жараёнларини жадаллаштириш орқали инвестицияларни кенг жалб этиш учун қулай шарт-шароит яратиш мақсадида қабул қилинган мазкур фармонда тадбиркорлар учун қатор имтиёз ва қулайликлар яратилган, – дейди “Электрон-онлайн аукционларни ташкил этиш” АЖ Андижон вилояти ҳудудий вакили Жамшидбек Исроилов. – Жумладан, Фармонда давлат ва давлат иштирокидаги корхоналарга тегишли 84 та жамият устав капиталидаги улушларни, 1 минг 242 та кўчмас мулк объектини ва 8 минг гектар ер участкаларини савдога чиқариш ва бошқа қатор вазифалар белгиланган.
Андижон вилояти ҳокимлиги, Савдо-саноат палатаси вилоят бошқармаси ҳамда “Электрон-онлайн аукционларни ташкил этиш” АЖ Андижон вилояти ҳудудий вакиллиги ҳамкорлигида тадбиркорлар ва ўз бизнесини бошлаш истагидаги фуқаролар иштирокида ўтказилган тадбирда иштирокчиларга Фармон мазмун-моҳияти, унда белгиланган вазифалар ҳақида кенг маълумотлар берилди. Шунингдек, унда тадбиркорлар учун берилган имтиёз ва қулайликлар ҳам батафсил тушунтирилди.
Мулоқотда Андижон вилояти бўйича бошланғич нархи 1 миллион сўмдан 1 та объект, 1 та жамиятдаги давлат улуши, 51 та кўчмас мулк объекти ҳамда 250 гектар ер майдони тайёр пакет шаклида аукцион савдоларга қўйилиши айтиб ўтилди.
Бир сўз билан айтганда, мулоқот тадбиркор ва иштирокчиларга янги фармон асосида давлат мулки ва ер участкаларини сотиб олишда бериладиган имтиёз ва қулайликлар ҳақида кенг маълумотлар олишга ёрдам берди.
Фахриддин Убайдуллаев,
ЎзА мухбири.