Андижонда баҳор таровати: павловния гуллари шаҳарга ҳусн бағишламоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Андижон шаҳрида баҳор фасли ўзининг нафосати билан яққол намоён бўлмоқда. Кўчалар, хиёбонлар ва истироҳат боғлари табиатнинг бетакрор либосига бурканиб, аҳолига кўтаринки кайфият улашаётир. Айниқса, бу кунларда павловния дарахтларининг гуллаши шаҳарга алоҳида жозиба бағишламоқда.
Бинафша рангли, нозик ва хушбўй гулларга бурканган павловния дарахтлари кўчаларга ўзига хос файз киритиб, табиатнинг нафис манзарасини яратган. Бу гўзал манзаралар қаршисида фуқаролар, айниқса ёшлар тўхтаб, уларни суратларга муҳрлашмоқда.
Мутахассислар таъкидлашича, павловния нафақат манзарабоп дарахт, балки экологик жиҳатдан ҳам аҳамиятли бўлиб, ҳавони тозалаш ва атроф-муҳитни соғломлаштиришда муҳим ўрин тутади. Шу боис сўнгги йилларда шаҳарни ободонлаштириш ишлари доирасида ушбу дарахт турини экишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
[gallery-28413]
Андижонликлар учун баҳор фасли янгиланиш ва гўзаллик тимсоли ҳисобланади. Павловния гуллари билан безанган кўчалар эса бу фаслнинг ўзига хос ифодасига айланиб, шаҳар меҳмонларида ҳам илиқ таассурот қолдирмоқда.
Зуҳриддин УМУРЗОҚОВ (сурат), ЎзА