Андижон вилоятида туризмни, айниқса, ички ва зиёрат туризмини ривожлантириш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Президентимизнинг жорий йил 30 апрелдаги “Ички туризм хизматларини диверсификация қилишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишлар самарадорлигини янада оширишда муҳим аҳамият касб этаётир.
– Ички туризмни ривожлантириш доирасида “Буюк ипак йўли” бўйлаб вилоятга ташриф буюрувчи сайёҳларга хизмат кўрсатувчи 583 та хизмат ва сервис объектлари ишга туширилди, – дейди вилоят ҳокими ўринбосари, Туризмни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Азизбек Максумов. – Бундан ташқари, сайёҳларга қулайлик яратиш, вилоят бўйлаб қулай жамоат транспорт инфратузилмасини яхшилаш мақсадида ўтган йили Хитой давлатидан 66 дона замонавий автобус ва 15 дона микроавтобуслар олиб келинди. Улар асосан туризм йўналишларига қўйилди. Ўтган йили вилоятда 9 та туризм йўналиши бўлган бўлса, жорий йилда уларнинг сони 15 тага етди. 5 та этнотуризмга мослашган янги йўналишлар ишлаб чиқилди. Ана шу ишлар самараси ўлароқ, йил бошидан буён Андижон вилоятига 920 минг нафардан зиёд сайёҳлар ташриф буюрди. 450 минг нафардан зиёд андижонликлар республикамизнинг турли ҳудудлари бўйлаб саёҳат қилди.
Ўзбекистон бўйлаб ички туризм дастури доирасида “Мангуберди ватанига саёҳат қил”, “Оилавий саёҳат” ички саёҳат дастурлари орқали 922 минг 400 нафар ўқувчи, талаба, пенсионерлар, корхона, ташкилот, муассаса ходимлари, шунингдек, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”га киритилганларни юртимизнинг тарихий шаҳарлари, зиёратгоҳлари ҳамда диққатга сазовор жойларига саёҳатини ташкил этиш бўйича режа-график ишлаб чиқилган. Унга кўра саёҳатлар ташкил этилмоқда. Андижон тажрибаси сифатида ўз маҳалласида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилган ҳамда доимий равишда пиёда юришни ташкил этган энг намунали маҳалла раислари ва аҳолисини Тошкент, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларига 4 кунлик саёҳатга юбориш йўлга қўйилди. Ҳозирги кунга қадар 2 мингдан ортиқ маҳалла фаоллари саёҳатда бўлиб қайтди. Бундан ташқари, ички туризмни ривожлантириш мақсадида жорий йилнинг ўтган даврида Андижон вилоятига бириктирилган Қорақалпоғистон Республикасининг Кегайли туманида 200 нафардан ортиқ вилоят аҳолиси сафарда бўлиб қайтди. Кегайлилик 450 нафардан ортиқ аёллар, нуроний ва ёшлар вилоятимизда саёҳатда бўлди.
[gallery-8215]
Мутасаддиларнинг таъкидлашича, жорий йил Сурхондарё вилоятида бўлиб ўтган “Бойсун баҳори” Халқаро фестивалида Андижон вилоятидан 200 дан ортиқ сайёҳ иштирок этган.
Вилоятда зиёрат туризми кўлами ҳам йилдан йилга ортиб бормоқда. Бугун Андижон шаҳридаги “Мирпўстин ота”, Жалақудуқ туманидаги “Кутайба ибн Муслим”, Қўрғонтепа туманидаги “Биби сешанба”, Хонобод шаҳридаги “Фозилмон ота”, Пахтаобод туманидаги “Ховаскон ота”, Хўжаобод туманидаги “Имомота”, Балиқчи туманидаги “Уч булоқ”, “Тузлуқ момо”, Андижон туманидаги “Меҳмони Валий” зиёратгоҳлари зиёратчилар билан гавжум масканларга айланган. Ана шу ва бошқа кўплаб зиёратгоҳларда зиёратчи ва дам олувчиларнинг кўнгилли ҳордиқ чиқаришлари учун барча шароит яратилган.
– Яқинда дўстларим билан Қўрғонтепа туманидаги “Биби сешанба” зиёратгоҳида бўлиб қайтдик, – дейди меҳнат фахрийси Илҳомжон Қуролов. – Зиёратгоҳда ўн йиллар аввал бўлгандим. Бугун зиёратгоҳнинг қиёфаси бутунлай ўзгарган, катта ҳажмдаги қурилиш, бунёдкорлик ишлари амалга оширилибди. Айниқса, зиёратгоҳда келиб-кетувчиларга яратилган шароитлардан беҳад хурсанд бўлдик. Юртдошларимиз, каттаю кичик ана шундай зиёратгоҳларга тез-тез бориб туришлари керак. Бу бизга ўзлигимизни унутмасликка, тарихий, диний қадриятларимизни улуғлашга, маънавиятимизни, руҳиятимизни бойишига ёрдам беради.
Умуман, вилоятда ички ва зиёрат туризмини ривожлантириш бўйича сайёҳларга хизмат кўрсатувчи янги янги хизмат ва сервис объектлари ишга туширилди, 167 та санитария-гигиена шохобчалари ташкил этилди, мавжудлари қайта таъмирланди ҳамда замонавий 15 дона биоҳожатхоналар қурилди. Бундан ташқари, сайёҳларга қулайлик яратиш мақсадида вилоят бўйлаб қулай жамоат транспорт инфратузилмасини яхшилаш бўйича ҳам кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Вилоятга ўтган йили 300 минг нафар маҳаллий туристлар келган бўлса, жорий йилда ички туризм бўйича келувчилар сонини 450 минг нафарга етказиш кўзда тутилган. Бунинг учун ҳозирда 510 ўринли 5 та меҳмонхона, 30 та меҳмон уйи ташкил этиш ишлари якунига етказилмоқда. Вилоятга ташриф буюрувчи сайёҳлар учун туризм инфратузилмасини яхшилаш, туризм объектларида хизмат кўрсатиш сифатини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, кейинги беш йилда вилоятда меҳмонхоналар сони 10 тадан 22 тага, туроператор сони 9 тадан 46 тага кўпайди. Шунингдек, вилоятда 69 та меҳмон уйи, 10 та хостел ташкил этилди.
Вилоятга ташриф буюрувчи сайёҳлар сонини ошириш, хизмат кўрсатиш турларини кўпайтириш мақсадида Андижон шаҳрида “ҳафтасига 7 кун, 24 соат” режимида ишловчи “Туризм кўчаси” ташкил этилди. Лойиҳага кўра, мазкур кўчада янги туризм объектлари, туризм хизматлари, ҳунармандчилик савдо нуқталари, пул айрибошлаш шохобчалари, “street art” ва “street music” хизматлари ташкил этилди.
Айниқса, Хонобод шаҳрида туризмни ривожлантириш, Хонободни Фарғона водийсининг туризм марказига айлантириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, “Лайф Хонобод” инвестиция ва туристик лойиҳасининг биринчи босқичида "Вотер Лайф Минерал" масъулияти чекланган жамияти томонидан қадоқланган минерал сув ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. “Фозилмон ота” зиёратгоҳида сайёҳ ва зиёратчиларнинг кўнгилли ҳордиқ чиқаришлари учун зарур шароитлар яратилган. Бундан ташқари, Кампирравот маҳалласида бўш турган 66 гектар майдонда умумий қиймати 35 миллион долларга тенг лойиҳа доирасида “Сунъий кўл”, дам олиш ва кўнгилочар масканлар, шунингдек, оилавий меҳмон уй, экотуристик масканлар барпо этиш бўйича ишлар авжида. Ушбу лойиҳа 800 ўринли хостел ва бошқа жойлаштириш воситалари, 250 ўринли овқатланиш шахобчалари, 2 минг ўринли кўнгилочар хизматлар ва 500 ўринли бошқа сервис хизматлари кўрсатувчи объектларни ўз ичига олади.
Хонобод шаҳрида жорий йилнинг ўзида умумий қиймати 5 миллиард сўмдан ортиқ бўлган 10 га яқин дам олиш масканлари фойдаланишга топширилди. Умуман, туризмни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар натижасида Хонободда йилига 1,8 миллион нафар сайёҳнинг дам олиши учун имкониятлар яратилади. Андижон шаҳрида эса “Экопарк” ташкил этилди. Шаҳардаги А.Навоий номли маданият ва истироҳат боғи қайта реконструкция қилиниб, сайилгоҳга айлантирилди. Шунингдек, Бўстон туманидаги Ўрмон хўжалиги ҳудудида 6,5 гектар майдонда экотуризмни ривожлантириш мақсадида тадбиркорлар томонидан “меҳмон уйлари”, ўтов ва дам олиш масканлари ташкил этилмоқда.
Мухтасар айтганда, жорий йил якунига қадар вилоятда туризм йўналишида умумий қиймати 392 миллиард сўмга тенг 44 та янги лойиҳа ишга туширилади, 1 минг 300 та янги иш ўрни яратилади.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА