Меҳмонхона соҳаси вакиллари билан очиқ мулоқот ўтказилди
Навоий шаҳридаги Маънавият ва маърифат марказида меҳмонхона, меҳмон уйи ва бошқа жойлаштириш воситалари раҳбарлари ҳамда тадбиркорлар иштирокида очиқ мулоқот ўтказилди.
Унда жойлаштириш воситалари фаолиятига оид янги талаб ва стандартлар, тадбиркорлар учун мавжуд имтиёз ва имкониятлар, туристлар учун қулай ва хавфсиз шароитлар яратиш масалалари юзасидан тушунтиришлар берилди.
2026 йил сентябрь ойидан туризм соҳасида хизматлар сифати ва хавфсизлигини янада оширишга қаратилган янги талаблар кучга кирди.
ЎзДСт 125:2024 стандартига 1-сон ўзгартириш 3 сентябрдан амалиётга жорий этилди. Унда меҳмонхоналарда энергия тежамкор технологиялардан фойдаланиш, жумладан, LED ёритиш воситалари, ҳаракат ва табиий ёруғлик датчикларини қўллаш, иссиқ сув таъминотида қуёш коллекторлари ёки юқори самарали иссиқлик насосларидан фойдаланиш каби талаблар белгиланган.
– Бу янгиликлар туризм объектларида хизмат кўрсатишни экологик ва иқтисодий самарадорлик тамойиллари билан уйғунлаштиришга хизмат қилади. Яъни замонавий меҳмонхона нафақат сайёҳга қулай шароит яратиши, балки энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиши, рақамли имкониятларни кенг қўллаши ва атроф-муҳитга эҳтиёткор муносабатда бўлиши керак, – дейди “Туризм хизматларини сертификатлаштириш маркази” давлат муассасаси директори Жамшид Газиев. – Янги талабларда миллийликка ҳам алоҳида ўрин берилган. Меҳмонхоналарда ўзбек нонуштасининг турли тоифаларини жорий этиш, жамоат жойлари ва хоналарни миллий услуб элементлари асосида безаш, хизмат кўрсатиш жараёнларини рақамлаштиришга қаратилган ёндашувлар белгиланмоқда. 12 сентябрдан кучга кирган ЎзДСт 958:2026 давлат стандартида B&B меҳмонхона, қўноқхона - хостел, ётоқхона каби жойлаштириш воситаларига оид тушунчалар аниқлаштирилди. Шу билан бирга, туристларнинг турли эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда инклюзив туризм муҳитини шакллантириш, имконияти чекланган шахслар учун зарур қулайликларни таъминлашга ҳам эътибор кучайтирилмоқда.
Бугунги кунда вилоятда 368 та жойлаштириш воситаси фаолият юритмоқда. Уларнинг 64 таси меҳмонхона, 15 таси дам олиш маскани, 47 таси хостел, 10 таси ўтовли лагерь ва 233 таси меҳмон уйларидир. Эътиборлиси, бу тармоқ изчил кенгайиб бормоқда. 2025 йил давомида 69 та жойлаштириш воситаси ташкил этилган бўлса, 2026 йилнинг саккиз ойидаёқ 64 та янги объект ишга туширилди. Уларнинг 5 таси меҳмонхона, 56 таси меҳмон уйи, 2 таси хостел ва 1 таси ўтовли оромгоҳдир. Бу ўтган йилнинг мос давридаги 18 та кўрсаткичга нисбатан 3,5 баробар ўсишни англатади.
Жорий йилнинг саккиз ойида эса 12 та янги туристик ташкилот фаолияти йўлга қўйилиб, уларнинг умумий сони 105 тага етказилди.
– Бугун мамлакатимизда инсон қадрини юксалтириш, тадбиркорлик учун қулай шароит яратиш, хизмат кўрсатиш соҳасини замонавий талаблар асосида ривожлантиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар изчил давом этмоқда, – дейди вилоят туризм бошқармаси бошлиғи Комил Нормаматов. – Бу жараёнда туризм соҳаси ҳам янги босқичга кўтарилиб, ҳудудларнинг мавжуд имкониятларини ишга солиш, янги туристик масканларни ташкил этиш, хизматлар сифатини ошириш ва сайёҳлар учун қулай муҳит яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бир вақтлар асосан саноат ва кончилик салоҳияти билан танилган вилоятимиз бугун ўзига хос табиати, тарихий-маданий мероси, чўл ландшафтлари ва замонавий туристик инфратузилмаси билан ҳам сайёҳлар эътиборини тортаётган ҳудудга айланмоқда. Бу эса туризм соҳасида яратилаётган имкониятлар, тадбиркорлик ташаббусларининг қўллаб-қувватланаётгани ва ҳудудларни комплекс ривожлантиришга қаратилган ислоҳотларнинг амалий самарасидир.
Навоийдаги туризм тараққиётини фақат шаҳарлардаги меҳмонхоналар билан боғлаб бўлмайди. Вилоятнинг табиий ва географик ўзига хослиги қишлоқ, овул ва чўл ҳудудларида туризмнинг янги шаклларини ривожлантириш учун катта имконият яратмоқда.
Сўнгги уч йилда вилоятда 6 та туризм қишлоғи ташкил этилди. 2026 йилнинг саккиз ойида Нурота туманидаги Кичиксой ва Мушкан қишлоқларига туризм қишлоғи мақоми берилди. Хатирчи туманининг Лангар ва Ангидон қишлоқларига сайёҳлар оқими 9-10 баробарга ошгани эса туризмнинг чекка ҳудудлар иқтисодий фаоллигига ҳам таъсир кўрсатаётганини кўрсатади.
Сентоб туризм қишлоғида 2020 йилда бор-йўғи 2 та тадбиркорлик субъекти фаолият юритган бўлса, бугун уларнинг сони 70 тадан ошди. Қишлоқнинг Жаҳон туризм ташкилоти – UNWTO томонидан “Бутунжаҳон туризм қишлоқлари” рўйхатига киритилгани унинг халқаро сайёҳлик салоҳиятини янада оширди.
Вилоятнинг Конимех ва Нурота туманларининг чўлли ҳудудларида 9 та ўтовли лагерь ишлаб, бир вақтнинг ўзида 900 нафар туристга хизмат кўрсатиш имкониятига эга. Улар йилига 50 минг нафар хорижий сайёҳни қабул қилиш салоҳиятига эга. Талаб юқорилиги сабабли 2026 йил учун ўтовли лагерлар хорижий туристлар томонидан тўлиқ банд қилинган.
[gallery-31473]
Йил якунига қадар Конимех туманидан 100 километр олисда жойлашган Янгиқазған овулида сафари туризмини ривожлантириш ва ҳудудни “туризм овули”га айлантириш режалаштирилган. 2026 йилда бу ерга 25 минг нафар хорижий сайёҳ келиши кутилмоқда. Шунингдек, “Қизилқум Сафари” МЧЖ ва “Спутник Навоий” МЧЖга республикада биринчилардан бўлиб “Туризм кластери” мақоми берилгани соҳада хизматларни ўзаро боғлиқ ҳолда ташкил этиш ва янги туристик маҳсулотларни шакллантиришга замин яратмоқда.
Очиқ мулоқотда меҳмонхона соҳаси вакиллари билан доимий ҳамкорликни кучайтириш, уларнинг мурожаат ва таклифларини тизимли ўрганиш, аниқланган муаммоларни тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда ҳал этиш бўйича келишиб олинди.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари